Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодексни ишлаб чиқишни таклиф этади. Ушбу ҳужжатда ҳар бир давлатнинг ўз фуқаролари ва халқаро ҳамкорлари олдидаги мажбуриятлари акс этиши лозим. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 23 сентябрь куни БМТ Бош ассамлеяси 75-сессиясида ўзбек тилида қилган видеочиқишида билдирди. Нутқ матни президент матбуот хизмати томонидан ёйинланди.
Ўз чиқишида аввалида коронавирус пандемияси туфайли юзага келган муаммоларга тўхталган Ш. Мирзиёев сўзини Ўзбекистонда ўтказилаётган ислоҳотлар мавзусига бурди. Унга кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда демократик ўзгаришлар ортга қайтмайдиган тус олган, аҳоли ва партияларнинг сиёсий фаоллиги, фуқаролик жамияти институтларининг роли, оммавий ахборот воситаларининг таъсири ошган, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳолат бутунлай ўзгарган, мажбурий ва болалар меҳнати тўлиқ тугатилган.
“Мамлакатимизда диний эркинлик борасида ҳам вазият кескин яхшиланди. Миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенгликни янада мустаҳкамлаш биз учун доимий муҳим вазифадир”, деган Ш. Мирзиёев ўз сўзи давомида аёллар ва ёшлар масалалари ҳам тўхталиб ўтди.
Марказий Осиё минтақасида туб ўзгаришлар юз бераётганини урғулаган Ўзбекистон президенти ўз мамлакати жорий йил сентябрь ойида Доҳа шаҳрида афғон сиёсий кучлари ўртасида бошланган тинчлик музокараларини тўла қўллаб-қувватлашини урғулади.
Шундан сўнг у сессия иштирокчилари эътиборини яна бир бор Орол денгизи қуришининг ҳалокатли оқибатларига қаратди. Ўзбекистон мавжуд аҳволни яхшилаш учун бу ерда икки миллион гектар янги ўсимлик майдонлари ва дарахтзорлар яратиш, тупроқ қатламини шакллантириш бўйича улкан ишларни амалга ошираётганини қайд этган Ш. Мирзиёев Оролбўйи минтақаси учун Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик траст фонди тузилганини таъкидлади.
“Биз Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилиш ҳақида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилишни таклиф этамиз. Ушбу муҳим ҳужжат тасдиқланган санани эса Халқаро экологик тизимларни ҳимоя қилиш ва тиклаш куни сифатида нишонлаш мақсадга мувофиқ бўларди”, деди Ш. Мирзиёев.
Ўз сўзи якунида Ўзбекистон президенти дунё бўйлаб қашшоқлик ва камбағаллик муаммолари кучайиб бораётганидан баҳс этди. Унга кўра, бу муаммолар айниқса пандемия шароитида кескин тус олмоқда.
“Шу муносабат билан қашшоқликни тугатиш ва камбағалликка қарши курашишни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси навбатдаги сессиясининг асосий мавзуларидан бири сифатида белгилаш ҳамда ушбу масалаларга бағишланган глобал саммитни ўтказишни таклиф этамиз”, деди Шавкат Мирзиёев.