Аравондаги муштлашув ортидан Қирғизистон парламенти депутатлигига номзод бўлган икки киши – Шукрулло Файзуллаев ва Илҳом Маннонов сайловдан четлатилди.
Марказий сайлов комиссияси 24 сентябрь куни Аравон туманида сайловда бир-бири билан рақобатлашаётган икки партия тарафдорлари ўртасида содир бўлган оммавий муштлаш воқеасини муҳокама қилди.
Комиссия аъзолари рақобатлашаётган партияларнинг оммавий муштлашув содир этилишига уларнинг сиёсий ташкилотлари бевосита ёки билвосита алоқадор эмас, деган фикрига қўшилмади.
Комиссия раиси Нуржан Шайлдабекова бундай вазият юзага келишига партиялар ва депутатликка номзодлар бевосита масъул эканини таъкидлади.
Муҳокама сўнгида Марказий сайлов комиссияси аъзолари Шукрулло Файзуллаев ва Илҳом Манноновни сайловдан четлатиш тўғрисида қарор қабул қилди.
Шукрулло Файзуллаев “Биримдик”, Илҳом Маннонов “Мекеним Киргизстан” партияларидан депутатликка номзод қилиб кўрсатилганди.
Қирғизистоннинг Ўш вилояти Аравон туманида парламент сайлови арафасида олиб борилаётган тарғибот пайтида “Биримдик” ва “Мекеним Киргизстан” партиялари тарафдорлари ўртасида оммавий муштлашув содир этилган эди.
20 сентябрь куни бўлган ҳодисада 12 одам касалхонага тушган. Бир кишининг ахволи оғир экани айтилмоқда. Милиция мазкур ҳолат юзасидан дастлабки терговни бошлади.
Қирғизистонда парламент сайловлари 4 октябрда ўтказилади. Бу сайловда 16 партия парламентдаги 120 ўрин учун курашмоқда.