Ишсизлар ва вақтинча ишсизлар орасида "ихтиёрий равишда" тузилган теримчилар гуруҳлари водий вилоятларидан Жиззахга ётоққа жўнатилди.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги матбуот хизматига таяниб, Kun.uz нашрининг ёзишича, Наманган ва Андижондан кўнгилли теримчилар 25 сентябрь куни поездда Жиззахга кетган.
Наманган темир йўл вокзалидан 723 теримчи, Андижон вилоятидан 1055 теримчи 2 та поездда жўнатилган.
Бу йил қўлда терилган 1 килограм пахта учун биринчи теримда 1000 сўм, иккинчи теримда 1400 сўм ҳақ белгиланган. Жиззахда эса биринчи теримдаёқ 1 килограмм пахта учун 200 сўмдан устама ҳақи берилаётгани хабар қилинмоқда.
"Кунига 3 маҳал овқатланиш, теримчилар учун ишдан ташқари вақтларда маданий ҳордиқ чиқариш дастурлари ташкил этилади, ва, албатта, ишлаб топилган маблағларнинг ўз вақтида тўланиши устидан доимий назорат ўрнатилган", деб хабар қилади нашр.
Ўзбекистоннинг аксар вилоятларида пахта теримига старт берилганига 20 кундан ошди.
Ҳукумат бу йилги пахта мавсумида мажбурий меҳнатга йўл қўйилмаслиги, теримга асосан “темир дафтар”даги оилалар, ишсизлар ва аёллар жалб қилинишини ваъда қилган.
Шунга қарамай, айрим вилоятларда бюджет ташкилотлари ишчи-ходимлари пахтага мажбуран сафарбар этилаётгани тўғрисида хабарлар келмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ҳудудий бўлимлари ходимларининг хабар қилишича, улардан "ўз хоҳиши билан пахтага чиқиши" ҳақида мажбурий тилхатлар олинган, пахтага боришни хоҳламаганларга ўрнига ёнидан пул тўлаб, теримчи ёллаш тайинланган.
Банк ходимлари, хусусий ширкатлардан ҳам пахтага одам чиқариш талаб қилинаётгани айтилади. Озодликка етиб келган хабарларга кўра, хусусан, Сирдарё вилояти Оқ олтин туманидаги "Халқ банки" "Ҳамкорбанк", "Савдогарбанк" бўлимлари ходимларига пахта терими учун ўз ўрнига одам ёллаш буюрилган.
Жиззах вилоятидаги ташкилотларнинг 1030 нафар ходими пахта теримига чиқарилган. 24 сентябрь куни Озодликка боғланган жиззахлик ишчиларнинг иддаосига кўра, улар Арнасой туманидаги пахта даласига мажбуран жўнатилган.
Жорий йилдаги пахта терими билан боғлиқ хабар ва янгиликларни Озодликнинг PaxtaGram саҳифасида кузатишингиз мумкин.