Тоғли Қорабоғда Арманистон ва Озарбайжон қўшинлари ўртасида шиддатли отишма содир бўлди.
Арманистон бош вазири Никол Пашинян Озарбайжон томонидан оддий аҳоли пунктига ракета отилгани ва ҳаводан ҳужум қилинганини таъкидлади.
Озарбайжон эса ҳарбий амалиёт Арманистон томонидан бўлган ҳужумга жавобан бошланган, деб билдирди.
Ҳар икки тараф тўқнашувларда оддий аҳоли ҳалок бўлганини хабар қилмоқда.
Арманистон Мудофаа вазирлиги 27 сентябрь куни икки Озарбайжон вертолёти ва уч дронини уриб туширганини билдирди.
Озарбайжон армияси эса арман қўшинлари ҳужумига жавоб қайтаргани, мамлакат қўшинлари вазият назоратини тўлиқ қўлга олганини маълум қилди.
Шу йилнинг 12 июлида ҳам Арманистон билан Озарбайжон ўртасидаги чегарада жанг ҳаракатлари кузатилган. Икки мамлакат чегарасидаги қуролли тўқнашувлар 3 кун давом этган.
Ўшанда икки томон бир-бирини ҳужумни бошлаганлик ва аҳоли пунктларини ўққа тутганликда айблаган.
Асосан, этник арманлар яшайдиган Тоғли Қорабоғ 1988–1994 йиллардаги урушдан кейин ўзини Озарбайжондан мустақил деб эълон қилган.
Тоғли Қорабоғдаги чегара чизиғи ҳамда Арманистон билан Озарбайжон ўртасидаги чегара участкаларида вақти-вақти билан қуролли тўқнашувлар бўлиб туради.