Коронавирусга қарши курашаётган ўзбекистонлик врачларга 20 августдан 20 сентябргача бўлган муддат учун бир ойлик иш ҳақи тўлаб берилади. Бу ҳақда Вазирлар Махкамаси “Ўзбекистон Республикасида коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш тадбирларига ажратилаётган маблағларнинг самарадорлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни қабул қилди.
24 сентябрда қабул қилинган мазкур қарорга асосан врачларга ва врач-лаборантларга 25 миллион сўмдан, бошқарув ва ўрта тиббиёт ходимларига, ҳамшира-лаборантларга 15 миллион сўмдан, провизор-фармацевт ходимларга 10 миллион сўмдан, дезинфектор ва кичик тиббиёт ходимларига 8 миллион сўмдан, бошқа ходимларга 5 миллион сўмдан махсус тўлов (солиқлардан ташқари) белгиланди.
Шунингдек, анестезиолог-реаниматолог врачларга ҳам махсус қўшимча рағбатлантириш тўловлари ҳисоб-китоб қилинади ва тўлаб берилади.
Коронавирус инфекцияси билан касалланган беморлар жойлаштирилган стационар даволаш муассасалари рахбарлари ва бевосита даволаш ишлари билан шуғулланувчи унинг ўринбосарларига врачлар учун белгиланган махсус тўлов, яъни 25 миллион сўм миқдоридаги тўлов татбиқ этилади.