Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги қуролли тўқнашувда камида 23 киши ҳалок бўлди

Тоғли Қорабоғдаги тўқнашувдан сўнг Арманистон ва Озарбайжонда ҳарбий ҳолат эълон қилинди.

Арманистон ва Озарбайжон ўртасида Тоғли Қорабоғда 27 сентябрь куни содир этилган қуролли тўқнашув пайтида камида 23 киши ҳалок бўлди.

Тоғли Қорабоғ ҳарбийларининг билдиришича, 16 аскар ҳалок бўлган, камида юз аскар яраланган. Арман фаоллари аввалроқ тўқнашув пайтида бир аёл ва бир бола ҳам ҳалок бўлганини маълум қилган.

Озарбайжон ҳукумати Арманистон Қуролли кучлари ҳужуми оқибатида бир оиланинг беш нафар аъзоси ҳалок бўлганини билдирди. Бундан ташқари тинч аҳоли вакилларидан 19 киши яраланган.

Тоғли Қорабоғдаги тўқнашувдан сўнг дастлаб Арманистон, кейин Озарбайжонда ҳарбий ҳолат эълон қилинди.

АҚШ, Россия, Франция, Туркия ва бошқа давлатлар томонларни “ўт очишни зудликда тўхтатиш”га чақирди.

Тоғли Қорабоғ 1988–1994 йиллардаги урушдан кейин ўзини Озарбайжондан мустақил деб эълон қилган. Урушда 30 мингга яқин одам ўлган, юз минглаб одам кўчиб кетишга мажбур бўлган.

1994 йилдан бери минтақани этник арман қўшинлари бошқариб келади. Боку улар сафларида Арманистон ҳарбийлари борлигини таъкидлайди.

Тоғли Қорабоғ мустақиллигини бирорта давлат тан олмаган.