“Ўзбекистон темир йўллари” махсус поезди 27 сентябрь куни Россиянинг Самара вилояти Кинель аҳоли пунктида тўпланиб қолган ўзбекистонликларнинг охирги қисмини ватанига олиб кетди. Бу ҳақда “Интерфакс” агентлиги Самара вилоят ҳукуматига таянган ҳолда хабар берди.
Агентликнинг билдиришича, 27 сентябрь куни 300 нафар муҳожир Тошкентга қайтиб кетди. Айни пайтда ўзбекистонлик муҳожирлар учун ташкил этилган Кинелдаги чодир шаҳарчасида ҳеч ким қолмаган ва лагердаги барча чодирлар йиғиштирилмоқда.
Коронавирус пандемияси бошланганидан кейин Россиядаги муҳожирларнинг кўпи ишсиз ва пулсиз қолган, шу важдан улар ватанларига қайтишга қарор қилишган. Аммо чегаралар ёпиқлиги сабаб, улар чегараолди ҳудудларида тўпланиб қолишган.
Биргина сентябрь ойида Самара вилоятидан самолёт ва поездларда 6 мингдан ортиқ ўзбекистонлик юртига жўнатилган.
Май ойидан бери Самара вилоятидан Ўзбекистонга 10 мингга яқин ўзбекистонлик қайтарилган.