Ўзбекистон ва Тожикистон коронавирус пандемияси туфайли икки давлат ўртасида баҳорда ёпилган чегараларни очиш, Тошкент ва Душанбе ўртасида авиақатновни тиклаш масалаларини муҳокама қилади. Бу ҳақда Озодликнинг тожик хизмати хабар қилди.
Ўзбекистондан ҳукумат делегацияси 28 сентябрь куни Душанбега етиб борган. Бу ўзбек расмийларининг коронавирус пандемияси даврида Тожикистонга қилган илк ташрифидир.
Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, Ўзбекистон делегацияси раҳбари – бош вазир Абдулла Арипов Душанбега 29 сентябрь куни етиб боради ва еттинчи ҳукуматлараро комиссия ишида иштирок этади. Ўзбек делегацияси ичида мамлакатнинг қарийб барча вазирлари ўрин олгани айтилмоқда. Улар билан бирга Ўзбекистондан кўплаб тадбиркорлар ҳам ташриф буюради – 29 сентябрь куни Душанбеда Тожикистон-Ўзбекистон бизнес форуми ўтказилиши кутилмоқда.
Музокаралар чоғида делегациялар икки давлат ўртасидаги чегараларни очиш ва Тошкент билан Душанбе ўртасидаги авиақатновларни тиклаш масалаларини муҳокама қиладилар. Қўшни давлатлар ўртасидаги чегаралар пандемия важидан 16 мартдан бери ёпиқ турибди. Шунингдек, кун тартибида иқтисодиёт, молия, энергетика, маданият, таълим, транспорт, савдо-cотиқ, туризм, саноат ва илм-фан соҳаларида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш масалаларида ҳам бор.
Озодликнинг тожик хизмати манбасига кўра, сешанба куни Абдулла Арипов Душанбеда “Артель-Авесто” тожик-ўзбек қўшма корхонасининг очилиш маросимида иштирок этади. Қўшма корхона Artel бренди остида маиший техника буюмларини ишлаб чиқариб, Тожикистон бозорида сота бошлайди.
27 сентябрь куни Тожикистоннинг Сўғд вилояти Спитамен туманида Ўзбекистон ҳисобидан қурилган ва жиҳозланган янги умумтаълим мактабини фойдаланишга топшириш маросими ўтказилган. Унда халқ таълими вазири Шерзод Шерматов иштирок этган. Мактаб қурилишига оид келишувга Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил март ойида Тожикистонга қилган давлат сафари чоғида эришилганди.
Ўзбек делегацияси Тожикистонга давлат раҳбари сайлови арафасида сафар қилмоқда. Тожикистонда президент сайлови 2020 йилнинг 11 октябрига белгиланган. Бу сайловга мамлакатнинг амалдаги президенти Эмомали Раҳмон бешинчи марта ўз номзодини қўйган. У Тожикистонни 26 йилдан буён (1994 йилдан бери) бошқариб келмоқда.