Хивада 2022 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир марта 25-30 апрель кунлари “Лазги” халқаро рақс фестивали ва унинг доирасида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилади. Президент Шавкат Мирзиёев бу борадаги қарорни 28 сентябрь куни имзолади.
Қарорга асосан, Хоразм вилояти ҳокимлиги ва Маданият вазирлиги фестивални ташкил этиш ва ўтказиш бўйича масъул орган этиб белгиланди.
Бундан ташқари Ташқи ишлар вазирлиги 2022 йил 1 февралга қадар фестиваль ва унинг доирасида ўтказиладиган “Ўзбек миллий рақсининг жаҳон рақс санъатидаги ўрни” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференцияда иштирок этадиган “рақс санъати усталари, мусиқашунос ва санъатшунос олимлар, таниқли санъаткорлар, етук мутахассислар ва фахрий меҳмонлар рўйхатини шакллантириши” зарур.
Президент Ташқи ишлар вазирлиги, Маданият вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссияси, Хоразм вилояти ҳокимлигига фестивални ЮНЕСКО шафелиги остида ўтказиш чораларини кўришни ҳам топширган.
Аввалроқ президентнинг Хоразмда “Лазги” академиясини ташкил қилиш тўғрисидаги қарори ҳам эълон қилинганди.
Жорий йилнинг 13 март куни Урганч шаҳрида ўтказилган фаоллар йиғинида президент Шавкат Мирзиëев Хоразмда лазги бўйича халқаро фестиваль ўтказишни таклиф этган эди.
2019 йилнинг декабрида ЮНЕСКО Хоразм “Лазги”сини Ўзбекистон маданий меросининг унсури сифатида жаҳон номоддий маданий мероси рўйхатига киритган.
“Лазги”ни номоддий маданий мерос рўйхатига киритиш ҳақидаги қарор 2019 йил 12 декабрь куни Колумбиянинг Богота шаҳрида ўтган ЮНЕСКО номоддий маданий меросини муҳофаза қилиш бўйича ҳукуматлараро қўмитасининг 14-сессиясида қабул қилинган.