БМТ Бош котиби Арманистон ва Озарбайжонни жангларни тўхтатишга чақирди

БМТ Бош котиби Антонио Гутерриш.

БМТ Бош котиби Антонио Гутерриш Арманистон ва Озарбайжон ҳукуматини Тоғли Қорабоғдаги жанговар ҳаракатларни зудликда тўхтатишга чақирди.

Сўнгги хабарларга қараганда 27 сентябрда бошланиб, шу кунгача давом этаётган жангларда камида 65 киши ҳалок бўлди.

БМТ Бош котиби расмий вакили Стефан Дужаррик 28 сентябрь куни Антонио Гутерриш Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян билан телефон орқали мулоқот қилганини билдирди.

Мулоқот чоғида Гутерриш томонларни Тоғли Қорабоққа Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти кузатувчиларини киритиш юзасидан музокараларни жонлантиришга чақирди.

29 сентябрь куни БМТ Хавфсизлик кенгаши Тоғли Қорабоғдаги вазиятни муҳокама қилиши кутилмоқда. Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги бу зиддиятга Туркия ва Россиянинг ҳам аралашиб қолиш эҳтимоли мавжуд.

Арманистон ҳукумати икки кун ичида Туркияни “яқин ҳамкори Озарбайжонни қурол ва учувчисиз бошқариладиган самолётлар” билан таъминлаётганликда айблашга улгурди.

Тоғли Қорабоғ 1988–1994 йиллардаги урушдан кейин ўзини Озарбайжондан мустақил деб эълон қилган. Урушда 30 мингга яқин одам ўлган, минглаб одам кўчиб кетишга мажбур бўлган. Тоғли Қорабоғ мустақиллигини жаҳонда ҳеч бир давлат тан олган эмас.