“Ўзбекистон ҳукумати Хитойнинг иккита компанияси билан коронавирусга қарши вакциналар синовининг сўнгги босқичларини ўтказиш бўйича битимлар имзолади”,- деб хабар берди 29 сентябрь куни “Газета уз”.
Хабарда айтилишича, Инновацион ривожлантириш вазирлиги Sinopharm ва Zhifei Longcom билан бу борадаги шартномаларни имзолади.
25 сентябрь куни Халқаро пресс-клуб йиғилишида Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори, соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Юсупалиев Ўзбекистон коронавирусга қарши вакцинанинг охирги-учинчи синови якунланганидан сўнг коронавирусга қарши вакцинани ишлаб чиқариш ва экспорт қилишни режалаштираётганини билдирган.
«Хитойнинг иккита компанияси вакциналарини Ўзбекистонга жалб қилиш ва [ушбу дори воситаларининг] клиник синовларининг учинчи босқичида иштирок этиш [режалаштирилмоқда]. Сўнгра ўзимизда ушбу вакциналарни ишлаб чиқариш масаласи кўтарилади, бу эса импортнинг қисқаришига олиб келади, бундан ташқари биз уларни қўшни мамлакатларга экспорт қилишимиз мумкин бўлади», — деб иқтибос келтирган Баҳодир Юсупалиев сўзларидан нашр.
Унга кўра, Ўзбекистон Россия ширкатларига ҳам Россия вакцинасини ҳамкорликда синовдан ўтказишни таклиф қилган. Бугунги кунда бу масалада Россия томонининг жавоби кутилмоқда.
25 сентябрь куни Россия тўғридан тўғри инвестициялар жамғармаси Ўзбекистонга коронавирусга қарши 35 миллион доза «Спутник V» вакцинасини жўнатиш тўғрисида Laxisam фармацевтика ширкати билан шартнома имзолангани тўғрисида билдирган эди.
Хабарда айтилишича, Ўзбекистон мувофиқлаштириш ва назорат органлари рухсати олинганидан сўнг 2020 йилда республикага 10 миллион доза, 2021 йилда эса 25 миллион доза вакцина жўнатилади.