ТИВ Россия-Қозоғистон чегараси 1 октябрдан очилишига оид маълумотларни рад этди

Россия-Қозоғистон чегараси томон ҳаракатлаётган муҳожирларнинг машиналари.

Россия-Қозоғистон давлатлараро чегараси жорий йилнинг 1 октябридан очилиши ҳамда Россиядаги Ўзбекистон фуқаролари Қозоғистон ҳудуди орқали ватанга қайтишлари мумкинлиги ҳақида сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларда тарқалаётган хабарлар ёлғон. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги тезкор штабининг 29 сентябрь куни ёйинланган ахборотида айтилган.

Вазирлик йўловчи ташиш билан шуғулланадиган айрим шахслар шахсий автомобилларида Ўзбекистонга қайтиш тўғрисида турли эълонлар тарқатаётганига ҳам эътибор қаратган.

Ўзбекистонликлардан бу каби ёлғон хабарларга ишонмасликни сўраган ТИВ Россия ва Қозоғистон ўртасидаги автомобиль чегаралари томонлар ушбу масала бўйича махсус қарор қабул қилгунга қадар чет эл фуқаролари учун ёпиқ қолиши ҳақида маълум қилган.

Хабарномада ҳозирда Ўзбекистонга қайтиш истагидаги фуқаролар учун авиа, темир йўл ва автобус чартер қатновлари ташкил этилаётгани, ушбу рейсларга чипталар онлайн тарзда сотилаётгани урғуланади.

Коронавирус инфекцияси юқиш эҳтимолидан огоҳлантирган вазирлик Россия ҳудудида бўлган ўзбекистонликлардан жойларда тўпланмаслик, барча карантин талабларига қатъий риоя қилиш ҳамда ўзлари ва яқинлари саломатлигини хавф остига қўймасликни сўраган.

ТИВ ахборотида қайд этилишича, Ўзбекистоннинг Қозон ва Ростов-Дон шаҳарларидаги бош консулхоналари маълумотларига асосан, 2020 йил 29 сентябрь ҳолатига кўра, Самара вилоятининг “Кинель”, Ростов вилоятининг “Первомайская” ва “Лихая” темир йўл станциялари яқинида ўзбекистонликларнинг тўпланиши кузатилмаяпти. Тўпланган барча фуқаролар автобус рейслари ва “Ўзбекистон темир йўллари” АЖнинг махсус поездлари орқали ватанга қайтарилган. Шу муносабат билан ушбу станциялар яқинидаги махсус вақтинчалик лагерлар айни пайтда ёпилган.