Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон 29 сентябрь куни Душанбега хизмат сафари билан борган Ўзбекистон бош вазири Абдулла Ариповни қабул қилди. Бу ҳақда давлатга қарашли “Ховар” ахборот агентлиги хабар берди.
Учрашувда томонлар Тожикистон билан Ўзбекистон муносабатларининг ҳозирги ҳолати ва истиқболи, келажакда уларни янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилганлар.
Тожикистон президенти икки қўшни давлат ўртасидаги стратегик ҳамкорликни янада кучайтириш учун олий ва юқори даражаларда доимий сиёсий мулоқотни сақлаб туриш муҳимлигини таъкидлаган.
Коронавирус пандемияси шароитида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича долзарб муаммоларни муҳокама қилиш чоғида Э. Раҳмон фурсатдан фойдаланиб, ўзбекистонлик дўстларга барча учун оғир бўлган пайтларда Тожикистонга кўрсатган инсонпарварлик ёрдами учун яна бир бор ташаккур изҳор этган.
Тожикистон президенти билан учрашишдан аввалроқ А.Арипов сешанба куни мезбон ҳамкасби Қ. Расулзода билан биргаликда савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Душанбеда ўтказилган ҳукуматлараро комиссиясининг еттинчи йиғилишида иштирок этган эди.
Мазкур йиғилишда, Тожикистон нашрлари хабарларига кўра, икки қўшни мамлакат учун муҳим бўлган саноат, қишлоқ хўжалиги, туризм, таълим ва фан, соғлиқни сақлаш, савдо-сотиқ, инвестициялар, энергетика, божхона, экспорт-импорт, маданият ҳамда транспорт соҳалари бўйича масалалар муҳокама қилинган, муайян келишувларга эришилган.
Эмомали Раҳмон Ўзбекистон бош вазири билан учрашув чоғида мазкур ҳукуматлараро комиссияси иши натижалари ҳам томонлар ўртасидаги ҳамкорликнинг янада мустаҳкамланишига кўмакчи бўлишига ишонч билдирган.
Бу Ўзбекистон расмий делегациясининг коронавирус пандемияси бошланганидан бери Тожикистонга илк сафаридир.