Ўзбекистон ва Тожикистон давлат ва хусусий сектор субъектлари форуми доирасида ўзаро ҳамкорликка оид 15 та шартнома имзоланган. Умумий қиймати 50 миллион долларга тенг бўлган бу шартномалар иқтисодий ҳамкорликнинг қарийб барча соҳаларини қамраб олади. Бу ҳақда Asia-Plus агентлиги Тожикистон Инвестициялар ва давлат мулкини бошқариш қўмитасидан олинган маълумотларга таянган ҳолда хабар тарқатди.
Душанбеда 29 сентябрь куни Тожикистон-Ўзбекистон инвестиция форуми ўтказилган. Анжуман савдо-иқтисодий ҳамкорлиги бўйича Тожикистон ва Ўзбекистон ҳукуматлараро комиссиясининг 7-йиғилиши доирасида бўлиб ўтган.
Форумда икки давлатдан 300 дан зиёд иштирокчи, шу жумладан давлат органлари, давлат корхоналари ва ташкилотлари раҳбарлари ҳамда хусусий сектор вакиллари қатнашган.
Иштирокчилар туризм, саноат, энергетика, хизмат кўрсатиш ва бошқа соҳалардаги инвестицион иқлим ва имкониятлар билан танишганлар ҳамда ҳамкорлик учун қўшма лойиҳаларни кўриб чиққанлар.
Анжуманнинг расмий қисми якунланганидан кейин “Тадбиркор тадбиркор билан” (B2B) форматида ишбилармонларнинг икки томонлама учрашувлари ўтказилган. Мазкур учрашувлар якунига кўра ҳамкорликка оид янги ҳужжатлар имзоланган.