Қирғиз расмийлари: Чегарадан ўтаётган ўзбекистонликлардан коронавирусга тест топширишни Тошкент талаб қилмоқда

Анализ натижаси Қирғизистон ҳудудида 72 соатгача яроқли бўлиб ҳисобланади.

Қирғизистон Ўзбекистондан ўтаётган фуқаролардан коронавирус ПЗР тести натижаларини талаб қила бошлагани ортидан сўнгги 4 кунда чегарадан ўтувчилар сони 15 мингдан 5 минг кишига озайди. Бу ҳақда “Дўстлик” қирғиз-ўзбек чегарасининг Қирғизистон томонида журналистлар учун ташкил этилган пресс тур чоғида чегара бекати раҳбари Супатай Исманалиев маълум қилди.

Санитария ва эпидемиология назорати давлат департаментининг Ўш вилояти ва шаҳри бўйича мувофиқлаштирувчисининг ўринбосари Ўмурзақ Мамарасуловга кўра, чегарадан ўтишнинг бундай янги тартиби амал қила бошлаганига 1 октябрда 5 кун бўлди.

Санитария ва эпидемиология назорати давлат департаментининг Ўш вилояти ва шаҳри бўйича мувофиқлаштирувчиси ўринбосари Ўмурзақ Мамарасуловга кўра, Қирғизистонда ва қўшни давлатларда коронавирусга чалиниш ҳолатлари яна кўпайиб бораётгани ортидан Қирғизистонга ўтаётган ўзбекистонликлардан ПЗР анализи натижаси талаб қилина бошланди.

- Алгоритм тартибига мувофиқ “Дўстлик” чегара бекати орқали Ўзбекистон ёки бошқа чет давлатлар фуқаролари Қирғизистонга ўтаётганида қўлида ПЗР анализи натижаси салбий бўлиши керак. Анализ натижаси Қирғизистон ҳудудида 72 соатгача яроқли бўлиб ҳисобланади. Агарда тест натижасининг яроқлилик муддати ўтиб кетган бўлса, бу шахс ортга қайтарилади. Ўзбекистон ёки бошқа чет давлатлардан мамлакатга келаётган Қирғизистон фуқаролари чегарада ташкил этилган санитар-карантин постида экспресс-тест топшириб текширувдан ўтади. Агарда экспресс-тест натижасида каронавирус аниқланса, чегара бекатидаги санитар-эпидемиология станциясида изоляцияга олиниб, тез ёрдам хизмати чақирилади, - деди Ўмурзақ Мамарасулов.

Унга кўра, коронавирусга чалиниш ҳоллари кўпроқ Ўш вилоятининг Ўзган, Аравон ва Қорасув туманларида кузатилмоқда.

Ўмурзақ Мамарасуловнинг айтишича, чегарадан ўтаётган ўзбекистонликлардан коронавирусга тест топширишни Тошкент талаб қилмоқда.

Чегара хизмати расмийларига кўра, Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги “Дўстлик” автойўл чегара пости бугунги кунда одатдаги тартибда иш олиб бормоқда. Бироқ коронавирус тести талаб қилина бошланганидан бери чегарадан ўтувчилар сони кескин озайди.

- Чет эл фуқароларини қабул қилиш ва уларни давлат чегарасидан ўтказиш келишим ва ҳукуматнинг 84-буйруғи асосида олиб борилмоқда. Янги алгоритм бўйича чегара хизматида, ҳужжат текширувларда ўзгаришлар бўлмайди. Аввалги талаблар билан текширилади. Бизгача бўлган пост, карантин постида фуқароларнинг тана ҳарорати термометр билан ўлчанади. Агарда тана ҳарорати юқори бўлмаса давлат чегарасидан ўтишга рухсат берилади. Сўнгги 4 кунда чегарадан ўтган фуқаролар сони кескин озайди. Масалан, бунгача 15 мингдан 18 мингача одам ҳар икки тарафга ўтиб турган бўлса, ҳозирги кунда 5 мингача озайди. Бунга фуқароларнинг COVID-19 вирусига қарши анализлар топшириб, унинг натижасини кутишига вақт кетиши сабаб бўлса керак, деб ўйлаймиз,- деди чегара пости раҳбари Супатай Исманалиев.

Дўстлик чегара пости олдида чегарадан ўтувчилардан мазкур тест билан боғлиқ муаммолар ҳақида ҳам сўрадик. Наманганлик Наргиза Солиеванинг айтишича, у аввалига Қирғизистонга 28 cентябрь куни чегарадан ўтмоқчи бўлган:

- “COVID-19 тестининг анализ жавоблари бўлиши керак”, деб Қирғизистонга киритмади. Қирғизистонга ўтгани беш-олти юз студент келаётган экан, ҳаммаси қайтиб кетди. Кейин бориб ўша куни анализ топширдик, яхши чиқди, кеча яна чегарага келдик. Ҳужжат билан ўтишда қийналмадик. Ҳужжатсиз ўткизмаяпти-да, бу ҳам 3 суткага экан ҳолос. 72 соатдан кейин пул тўлаб яна олар экансиз-да. Бу ҳам яна сарф ҳаражат, халқ қийналади.

Суҳбатдошнинг айтишича, у тестни Наманган вилоят санитар осойишталик бўлимида бепул топширган. Унга натижани 6 соатдан кейин олиб кетиши мумкинлиги айтилган.

Эслатиб ўтамиз, коронавирус пандемияси сабабли ўзбек - қирғиз чегарасида 16 мартдан жорий қилинган чеклов 2 сентябрдан олиб ташланган.