Қўшработда йўлга ташлаб кетилган жасад Зармитон олтин конидаги ўғриликка алоқадор кўрилмоқда

Самарқандликлар олтин конларидаги ўғриликлар "қўриқчиларнинг кўз ўнгида" содир бўлишини айтишади

Самарқанд вилоятининг Қўшработ тумани Тиббиёт бирлашмасига яқин ҳудудда 30 сентябр куни 20 ёшли йигитнинг жасади топилди.

Зармитон олтин конида ғайриқонуний тош қазиётган пайти тоғ жисмлари босиб қолган бу йигит шифохонага олиб борилаётганда вафот этгани айтилмоқда.

Воқеадан хабардорлар ҳамда марҳум қариндошларидан олинган бу хабарни Қўшработ тумани Ички ишлар бўлими ходими Озодликка тасдиқлади.

ИИБ ходимига кўра, туман прокуратураси ҳозирда мазкур холат юзасидан тергов олиб бормоқда.

Бу Навоий кон-металлургия комбинати тасарруфидаги Зармитон олтин конида сўнгги бир ой ичида рўй берган иккинчи ўлим ҳолатидир.

Сентябрь ойи бошида ноқонуний тош қазиб олиш учун шахтага тушган А.Қ. исмли фуқаро катта кучланишдаги ерости кабелидан ток уриши оқибатида воқеа жойида ҳалок бўлганди.

Ғайриқонуний олтин қазувчилар билан таниш бўлган самарқандликлардан бирининг Озодликка айтишича, конда тош босиб қолган йигитни шериклари чалажон аҳволда шахтадан олиб чиқиб, шифохонага олиб бораётган пайтда жон берган.

Жасадни шериклари йўлга ташлаб кетган.

"Туман ҳокимияти билан касалхона орасидаги кўчага ташлаб кетишган. Мен у йигитни яхши танийман. "Қуралос" маҳалласи​дан. Тош босиб қолган экан, шериклари уни чалажон чиқариб олиб, туман касалхонасига олиб боришмоқчи бўлишган. Йўлда ўлиб қолган. Жўралари қўрқиб шу ерга ташлаб кетишган", - дейди у.

Ноқонуний олтин қазувчи, деб гумон қилинаётган 20 ёшли йигитнинг жасади топилган жой. Самарқанд вилояти, Қўшработ тумани.

Марҳумнинг исми очиқланмаслигини сўраган қариндоши ҳам Озодликка ҳодисани тасдиқлади.

"Отаси ҳам ноқонуний олтин қазиш билан шуғулланиб, тўрт йил аввал бевақт ҳаётдан кўз юмган эди. Бева қолган онасини ёлғиз фарзанди эди. 30 сентябр куни саҳарда булар тўрт йигит, қай йўл билан конга киришган, билмаймиз, маъданли тошларни қазиётганида тоғ жинслари босиб қолган. Сариқ ажал дейди-да буни. Нотўғри иш умрини ҳазон қилди".

Ноқонуний олтин қазувчи, деб гумон қилинаётган 20 ёшли йигитнинг дафн маросими. Самарқанд вилояти, Қўшработ тумани.

Қўшработ тумани Ички ишлар бўлими ходими Озодликка 20 ёшли Т.С.нинг жасади 30 сентябр куни топилгани, туман прокуратураси ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан тергов олиб бораётганини айтди.

Марҳумнинг исмини Озодлик тергов сири важидан очиқламайди.

Олтин мафияси

Зармитон ва Қорақўтан олтин конларида ноқонуний олтин қазувчилар тош остида қолиб ҳалок бўлгани ҳақида Озодлик бундан олдин ҳам хабар берган.

Олтин конидаги сўнгги фожиа сентябр ойи бошида бўлганди.

Ноқонуний тош қазиб олиш учун шахтага тушган А.Қ. исмли фуқаро катта кучланишдаги ерости кабелидан ток уриши оқибатида воқеа жойида ҳалок бўлганди.

Зармитон олтин кони Навоий кон-металлургия комбинатига қарашли бўлиб, у ердаги шахталардан таркибида олтини бор руда қазиб олинади.

Кон махсус қўриқчилар томонидан қўриқланади.

Озодлик билан суҳбатда бўлган кончиларнинг айтишича, гарчи бу ҳудуд "режимли зона" ҳисобланса-да, маҳаллий ва ёлланма ишчилардан иборат ғайриқонуний гуруҳлар бемалол кон ҳудудига кириб, олтин қазийди.

Ғайриқонуний олтин қазувчилар билан таниш бўлган самарқандликлардан бири ўғриликлар "қўриқчиларнинг кўз ўнгида" содир бўлишини айтар экан, бундай деди:

- Комбинатни қўриқлаш хизмати бор. Қўриқлаш хизматини бошлиғи бўлади. Битта пулдор бешта ўнта болани ёллайди. Бояги бошлиқ билан келишиб пастга тушириб юборади. Ҳаммаси уюшган. Қўриқчиларни кўз ўнгида бўлади. Бояги ўлган бола ҳам қайсидир бошлиқни ишини қилган. Уларга бир қоп тош олиб чиқса 100 минг, 150 минг сўм беради. Тушиб чиқишини, конга ўтишини хўжайин кўтаради. Бунақа пулдорлар туманда жуда кўп. Олтин мафияси булар ва уларни ИИБда орқалари бор. Лекин уларни ишини қилаётган йигитлар тош остида қолиб ўлиб кетяпти.

Озодлик бу иддао юзасидан Навоий кон-металлургия комбинати раҳбариятидан изоҳ олишга уринди.

Комбинат матбуот котиби Абдумажид Жўраев Озодлик саволини эшитиши билан телефонни қўйиб қўйди.

Навоий кон-металлургия комбинати ишчилари Зармитон ва Қорақўтанда олтин рудаси ўғрилари сўнгги йилларда авж олгани, унга қарши чора кўрилмаётганини айтишади.

Комбинат ишчиларидан бири шу йил май ойида ўзи гувоҳ бўлган "олтин рудаси ўғирлиги ҳолати"ни қўл телефони ёрдамида видеога тушириб, Озодликка жўнатганди.

Мавзуга алоқадор Қорақўтанда ноқонуний олтин қазиш ишлари Тошкент назаридан четда қолмоқда

Сариқ ажал

Пахтачилик Акбарнинг Озодликка айтишича, Пахтачи туманининг 70 фоиз ишсиз аҳолиси ноқонуний олтин қазиш билан шуғулланади.

"Ёш-ёш йигитлар жонини гаровга қўйиб шу иш билан шуғулланади. 100 метр, 200 метр чуқурликка кириб кетиб, тош босиб қолган қанча-қанчадан қанча фожиа бўлди. Сариқ ажал бу" , - дейди Акбар.

Ўзбекистонда жисмоний шахсларнинг қимматбаҳо металларни қазиб олиши Ўзбекистон президентининг 2018 йил 26 ноябрдаги “Қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолиятини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тартибга солинади.

Қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш, ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензиялар Ўзбекистон Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси томонидан берилади.