OzodDayjest: Олмалиқ ҳокимининг “шумахер” ўғли 17-бор жаримага тортилди

Ҳокимнинг ўғли пойтахт кўчаларида 200 км/с тезликда ҳаракатланди

Бош вазир ўринбосари: “Камбағалликни одамларга пул тарқатиб қисқартириб бўлмайди”, деб билдирди. Наманганда бирваракайига 31 маҳалла раиси ишдан бўшатилди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

Наманганда бирваракайига 31 маҳалла раиси ишдан бўшатилди

Наманган вилояти Поп туманида бирданига 31 нафар маҳалла раиси ўз вазифасидан озод этилди (“Маҳалла” газетаси, 1 октябрь).

Оммавий равишда бўшатилган раислар бу ҳолатдан норозилик билдирган.

“Халқ депутатлари туман кенгашининг навбатдан ташқари сессияси чақирилиб, маҳалла раисларига ишдан бўшаш тўғрисида ариза ёзиш айтилди. Ушбу кўрсатмага амал қилмаганлар ноҳақ айбланиб, туман кенгаши томонидан тузилган далолатнома асосида ўз вазифасидан озод этилди... Туман мутасаддиларига барча кўрсатмасини сўзсиз бажарадиган ходимлар керак. Шунинг учун соҳадаги кадрларни ёшартириш баҳонасида ўзларига ёқадиган фуқароларни маҳалла раиси қилиб олишди. Вазифасидан озод этилганлар рўйхатига яхши ишлайдиган, аммо ҳақиқатни юзга айтадиган раислар киритилди” , - дейди “Янги Хўжабод” маҳалласининг эндиликда собиқ раиси Фароғатхон Бобохонова.

“Миллий қонунчилигимизга кўра, маҳалла раисини ўша ҳудудда яшайдиган фуқаролар сайлайди. Шундай экан, ҳокимнинг биргина кўрсатмаси билан уларни вазифасидан озод этиш қанчалик тўғри?!” - дея савол қўяди газета.

17-жарима: Ҳокимнинг ўғли пойтахт кўчаларида 200 км/с тезликда ҳаракатланди

Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳри ҳокимининг ўғли Дилшод Исмоилов йўл ҳаракати қоидаларини бузгани учун 17-марта жаримага тортилди (www.gazeta.uz, 1 октябрь).

Тошкент ИИББга кўра, йўлда авария ҳолатини юзага келтирган қоидабузарнинг Tracker автомобили (давлат рақами 01К550ХА) жарима майдонига қўйилган.

30 сентябрь куни 20 ёшли Дилшод Исмоилов TikTok ва Instagram орқали Тошкент кўчаларида 150-160 км/с тезликда ҳаракатланиб, ҳайдовчилар ва пиёдалар учун хавфли вазиятни яратгани тасвирланган видеоёзувларни эълон қилди.

Ёзувлардан бирида тезлик кўрсаткичи 200 км/с экани акс этган. Пойтахт кўчаларида “шумахер”лик қилган ҳайдовчи йўл қоидасини бузгани учун тўлаган аввалги жарималарини ҳам кўз-кўз қилган.

ЙҲХБ маълумотига кўра, Д.Исмоилов 2019-2020 йилларда тезликни меъёрдан оширгани учун 16 марта жаримага тортилган.

Олмалиқ ҳокими Усмон Раҳимов Gazeta.uz мухбири билан суҳбатда видеонинг тўрт-беш ой муқаддам туширилгани ва ўшандан буён ўғлига рулга ўтиришни тақиқлаганини маълум қилган.

Бош вазир ўринбосари: “Камбағалликни одамларга пул тарқатиб қисқартириб бўлмайди”

Бош вазир ўринбосари, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш омиллари ҳақида маълумот берди (www.kun.uz, 25 сентябрь).

“2020 йилнинг январигача камбағаллик очиқ-ойдин тан олинмаганди. Камбағалликни одамларга пул тарқатиб қисқартириб бўлмайди. Камбағалликни тадбиркорликни, таълимни, соғлиқни сақлашни ривожлантириб қисқартириш мумкин. Одамларда соғлиқни сақлашдан ва таълимдан яхши фойдаланиш имкони бўлмайдиган бўлса, улар борган сари камбағаллашади ва иқтисодиётда талаб камаяди. Иқтисодиёт ўзининг юқори малакали ходимларига бўлган эҳтиёжини қоплолмайди ва ўсиш пасаяди”, - деб таъкидлаган у.

Маълум қилинишича, 2020 йилнинг бошида ҳар ойда 552 минг оилага моддий ёрдам берилган.

Июнь ойида бу кўрсаткич 774 минг, июль ойида эса 876 мингга етди. Йил охирига бориб ижтимоий нафақа берилган оилалар сони 1 миллион 200 мингга етиши кўзда тутилган.