Ўтган ҳафта Фарғона вилояти ҳокими лавозимида иш бошлаган Хайрулло Бозоров Сўх туманига сафар қилган.
Фарғона вилояти ҳокимлиги маълумотига кўра, янги ҳоким Сўхда маҳаллий аҳоли вакиллари билан учрашган, туманда қурилаётган объектларни бориб кўрган, тикув фабрикаси фаолияти билан танишган, сўхлик тадбиркорлар билан суҳбатлашган.
“Энди бор кучимизни туманда тадбиркорликни ривожлантиришга қаратамиз”, деган Хайрулло Бозоров мазкур суҳбат чоғида.
Вилоят ҳокими пандемия шароитида аҳоли учун моддий кўмак сифатида ўзи билан 22 тонна ун, 11 минг литр пахта ёғи, 11 тонна шакар олиб боргани айтилмоқда.
Ўзбекистон эксклави бўлган Сўх тумани тўрт тарафдан Қирғизистон ерлари билан ўралган. Туман аҳолиси билан қўшни мамлакат фуқаролари ўртасида вақти-вақти билан можаро чиқиб туради. Ана шундай катта можаролардан сўнггиси шу йил 31 майида содир бўлган эди. Ўшанда тумандаги Чашма қишлоғи ҳамда Қирғизистоннинг Қадамжой тумани Чечме айили турғунлари орасида оммавий жанжал содир бўлган.
Расмий баёнотга кўра, жанжалда икки тарафдан мингдан ошиқ одам, гувоҳларга кўра эса 4 мингга яқин одам қатнашган, томонлар бир-бирини тошбўрон қилган, бир неча уйга ўт қўйилган.
Чегарада бошланган даҳанаки можаронинг кейинчалик тўқнашувга айланиб кетишида маҳаллий раҳбарларни айблаган сўхлик норозилар ўша пайтда Фарғона вилоятининг собиқ ҳокими (ҳозирда бош вазир ўринбосари) Шуҳрат Ғаниев ва Сўх тумани собиқ ҳокимини тошбўрон қилган эдилар.