Тошкент шаҳар маъмурий судида 2 октябрь куни UzAutoMotors акциядорлик жамиятининг Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси махсус комиссиясининг 21/31-сонли ишига оид 2020 йил 19 августдаги қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги шикоят аризасини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни бошланган. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Хабарномада қайд этилишича, бугун аризачи - UzAuto Motors АЖ вакили судга маҳкама мажлисини ёпиқ тарзда ўтказиш тўғрисида илтимоснома киритган.
Бу борада тарафлар фикри сўралганидан сўнг суд ўз ўрнида ажрим қилиб, мазкур илтимоснома ишни кўриш жараёнида тарафлар томонидан давлат сири билан боғлиқ махфийлаштирилиши лозим бўлган ҳужжатлар суд муҳокамасида кўрилиши учун тақдим этилганидан кейингина муҳокама қилиниши учун очиқ қолдирилган ва суд ишни мазмунан кўриб чиқишни бошлаган.
Судда сўз берилган UzAuto Motors АЖ вакили ўз важида жавобгар - Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ўтказилган текшириш жараёнида Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 28 октябридаги 239-сонли қарори нотўғри татбиқ этилганлиги, UzAuto Motors АЖ томонидан ишлаб чиқариладиган товарларга нархлар шакллантирилишида ҳукуматнинг 2018 йил 30 мартидаги 249-сонли қарори татбиқ этилиши лозимлиги, жамият томонидан ишлаб чиқариладиган товарларнинг нархини келишиш жамиятнинг Кузатув кенгаши ваколатига киришини қайд этган, шунингдек, жавобгар томонга бошқа эътирозларини ҳам билдирган.
Аввал хабар қилганимиздек, UzAuto Motors эътирозига сабаб бўлаётган Монополияга қарши курашиш қўмитасининг қарорига мувофиқ, ширкат енгил автомобилларнинг базавий улгуржи ва чакана сотиш нархларини ўртача 10,29 фоизга ошириб шакллантирган. Қўмита комиссияси ўз қарори билан UzAuto Motors зиммасига енгил автомобиллар нархининг асоссиз оширилган қисмини пасайтириш ва ортиқча олинган маблағни (ҳар бир автомобилдан камида 3 млн сўмдан) истеъмолчиларга қайтариш мажбуриятини юклаган.
“Жавобгар вакили томонидан аризачининг важларига нисбатан фикр-мулоҳазалари тингланганидан сўнг мазкур важларга нисбатан қўшимча ҳужжатларни тақдим этиши тўғрисида фикр билдирилди ва суд муҳокамаси тақдим этилган қўшимча далилларни ўрганиш ҳамда суд мажлисини ёпиқ тарзда ўтказиш учун киритилган илтимоснома юзасидан ҳужжатларни ўрганиш учун кейинга қолдирилди”, дейилган Олий суд хабарномасида кейинги суд мажлиси 2020 йил 9 октябрь куни бўлиб ўтиши қўшимча қилинган.