Сўровда иштирок этган россияликларнинг 73 фоизи коронавирус инфекциясига қарши эмлов қилдиришга тайёр эмаслигини билдирди. Улардан 23 фоизи эмловга рози, яна тўрт фоизи эса COVID-19 ни бошдан кечириб бўлганини ва эмловга муҳтож эмасликларини билдирганлар. Бу ҳақда РИА “Новости” агентлиги “Единая Россия” ўтказган онлайн-сўров натижаларига таянган ҳолда хабар қилди.
Мазкур сўровда 20 минг чоғли одам қатнашган. Сўров натижалари Россия соғлиқни сақлаш вазири Михаил Мурашкога топширилади.
Сўралганларнинг аксарияти, аниқроғи, 93 фоизи эмлов тадбири ихтиёрий бўлиши лозимлигини билдирган. Одамлар мажбуран эмланиши лозимлигини эса сўровда иштирок этганларнинг 7 фоизи ёқлаган.
“Қаерда ишлаб чиқарилган вакцинадан фойдаланишни истардингиз?” деган саволга сўралганларнинг 25 фоизи “Россия препаратидан” деб, 13 фоизи эса “хорижникидан” деб жавоб берган. Сўровда иштирок этганларнинг 63 фоизи эса улар учун вакцинанинг қаерда ишлаб чиқарилгани эмас, балки самарадорлиги муҳимлигини айтишган.
Сентябрь ойи бошида, Иқтисодиёт олий мактаби ўтказган тадқиқотга кўра, сўралганлар россияликларнинг 45 фоизи коронавирус қарши ҳеч қачон (вакцияни Россияники ёки хорижники бўлишидан қатъи назар) эмлов қилдирмаслигини билдирган.
Аввалроқ, “Левада-центр” сўровига кўра, сўралганларнинг 38 фоизи эмлов бепул ва ихтиёрий бўлган тақдирда Россияда ишлаб чиқарилган “Спутник V” вакцинаси билан эмланишга тайёр эканини билдирган. Сўралганларнинг 54 фоизи эса эмловга ҳозир эмаслигини айтган.
Россия Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Гамалеи маркази томонидан ишлаб чиқилган COVID-19 га қарши вакцинаси 11 август куни рўйхатга олинган. Ўша пайтда у икки клиник синовдан ўтган бўлиб, ўнлаб одамда синалганди.
Айни пайтда “Вектор” вирусология ва биотехнология илмий марказида ҳам иккинчи вакцина синовдан ўтмоқда.
Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги Чумаков номидаги марказ томонидан ишлаб чиқилган яна бир вакцинани клиник синовдан ўтказишга рухсат берган.
Бу орада Россияда Хитойнинг Sinopharm ҳамда Швеция-Британиянинг AstraZeneca вакциналари ҳам қайддан ўтишга ҳозирланмоқда.