Бишкекда куч ишлатар идоралар ходимлари митингчиларни марказий майдонда сиқиб чиқарди

Митингчилардан бўшаб қолган "Ала-Тўў" майдони, Бишкек, 2020 йил 5 октябри.

Қирғизистон пойтахти Бишкекда куч ишлатар идоралар ходимлари марказий майдондаги митингни тарқатиб юборди. Улар митингчиларга қарши шовқин чиқарувчи гранаталар, кўздан ёш сиздирувчи газ ва бошқа махсус воситаларни ишга солганлар.

Озодликнинг қирғиз хизмати хабарига кўра, ҳозирда Бишкекдаги “Ала-Тўў” майдони бўшаб қолган.

Куч ишлатар идоралар ходимлари митингчиларни дастлаб “Оқ уй” (ҳукумат уйи) биноси ёнидан, сўнгра марказий майдондан сиқиб чиқаришга муваффақ бўлишган.

Маълумотларга кўра, митингни тарқатиш чоғида норозилик тадбири ташкилотчиларидан бири, “Ата Мекен” партиясидан депутатликка номзод Жанарбек Акаев оёғидан жароҳат олган. Унинг ёрдамчилар бу воқеа ортидан Ж. Ақаев касалхонага олиб кетилганини билдиришган.

Аввалроқ митингчилар “Оқ уй”нинг жанубий дарвозасини синдириб киришганди. Бу ҳодисадан бир неча дақиқа ўтгач, ўқ овозлари янграй бошлаган. Озодликнинг қирғиз хизмати ўқлар осмонга қарата отилгани ёки уларнинг жанговар ўқ бўлмаганини тахмин қилган.

Аввал хабар қилганимиздек, Қирғизистонда 4 октябрь куни парламент сайлови бўлиб ўтди. МСК маълумотларига кўра, сайловда иштирок этган 16 та партиядан 4 тасигина 7 фоизли тўсиқдан ўтиб, парламентга кириш ҳуқуқини қўлга киритган.

5 октябрь куни сайлов натижаларидан қониқмаган қирғизистонликлар Бишкекдаги марказий майдонда норозилик митингини бошлашган. Митинг чоғида сўзга чиққан нотиқлардан бир қанчаси президент Сўўрўнбай Жээнбековнинг истеъфосини талаб қилишган.