Ўзбекистонда почта тизимини даромад келтирадиган соҳага айлантириш зарур, хусусий операторлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, қўшимча хизматларни тақдим этиш орқали почта бўлимлари даромадини ошириш мумкин. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 5 октябрь куни миллий почта тизимини ислоҳ қилиш масалалари бўйича ўтказилган йиғилишда билдирган.
Президент матбуот хизматининг маълум қилишича, йиғилишда ҳозирги кунда электрон савдо ривожланаётгани, интернет орқали сотиб олинган товарни эгасига етказиб беришга доим талаб борлиги урғуланган.
Президентга кўра, Ўзбекистонга кириб келган халқаро ташувчи компанияларнинг ҳудудларда филиаллари йўқ. Бу имкониятлардан оқилона фойдаланиб, почта жўнатмалари ва маҳсулотларни якуний манзилга етказиб беришни йўлга қўйиш яхши самара беради.
Йиғилишда якуний манзилга етказиш тизимини туманларда тажрибадан ўтказиб, келгуси йил 1 мартдан вилоят марказларида, 1 июлдан мамлакат бўйича жорий этиш режаси белгиланган. Бунинг учун жўнатмаларни қабул қилиш, саралаш ва онлайн кузатиш имконини берувчи автоматлашган ахборот тизимини ишга тушириш кераклиги таъкидланган.
Шунингдек, шу йил якунигача миллий онлайн савдо майдончасини жорий этиш бўйича топшириқ берилган. Бу тизим орқали тадбиркорлар ишлаб чиқарган маҳсулотини республика бўйича савдога чиқаради, миллий оператор уларни манзилига етказиб беради. Бунда “Ўзбекистон почтаси” харидор ва сотувчи ўртасида кафил бўлади. Шу мақсадда келгуси йили Тошкент шаҳрида логистика марказини ташкил этиш зарурлиги қайд этилган.
“Соҳа даромадини таъминлаш учун яна бир манба – унча мураккаб бўлмаган давлат хизматларини почта бўлимларида ҳам йўлга қўйиш. Шу нуқтаи назардан, “Ўзбекистон почтаси” АЖнинг олис ҳудудлардаги 300 та бўлинмасида 13 хил давлат хизмати кўрсатишни ташкил этиш бўйича топшириқ берилди. Шунингдек, дастлаб Сергели, Янгиқўрғон ва Тошкент туманларидаги почта бўлинмаларида нақд пул инкассацияси, пластик карта амалиёти каби банк хизматларини жорий этиш вазифаси қўйилди”, дейилади хабарномада.
Йиғилишда йиллар давомида эътибор берилмагани оқибатида Ўзбекистонда почта хизматининг ўрни пасайиб кетгани, сўнгги ўн беш йилда 1 минг 300 та почта бўлинмаси ёпилгани, ўтган йили хориждан келган 6 минг тонна жўнатмаларнинг атиги 10 фоизи, курьерлик хизматларининг 30 фоизи миллий почта ҳиссасига тўғри келгани танқид қилинган.