Қирғизистон президенти Сўўрўнбай Жээнбековнинг парламент сайловида иштирок этган партиялар лидерлари билан учрашуви 6 октябрь куни эрталаб соат 9 да бўлиб ўтади. Учрашувга сайловда қатнашган 16 партиянинг лидерлари таклиф этилган, дея маълумот тарқатди президент матбуот хизмати ярим тундан кейин.
Аввалроқ учрашув сешанба куни соат 11.00 га белгилангани ҳақида хабар қилинганди.
Бишкек марказий майдонида 5 октябрда кун бўйи сайлов натижаларига қарши митинг ўтказилди. Норозилар 4 октябрь куни бўлиб ўтган сайлов натижаларини бекор қилиб, янгисини ўтказишни талаб қилишмоқда.
Душанба оқшомида (соат 21 лар атрофи) айрим митингчилар ҳукумат уйининг жанубий дарвозасини бузиб кирганлар. Бу ҳодисадан бир неча дақиқа ўтгач, ўқ овозлари янграй бошлаган.
Милиция митингни махсус воситалардан фойдаланган ҳолда тарқата бошлаган. Даставвал куч ишлатар идоралар ходимлари митингчиларни “Оқ уй” биноси ёнидан, сўнгра марказий майдондан сиқиб чиқаришга муваффақ бўлишган.
Кейинроқ митингчилар қайтадан ҳужумга ўтишган. Шаҳарда тўқнашувлар давом этмоқда.
Қирғизистонда 4 октябрь куни парламент сайлови бўлиб ўтди. МСК маълумотларига кўра, сайловда иштирок этган 16 та партиядан 4 тасигина 7 фоизли тўсиқдан ўтиб, парламентга кириш ҳуқуқини қўлга киритган.
5 октябрь куни сайлов натижаларидан қониқмаган қирғизистонликлар Бишкекдаги марказий майдонда норозилик митингини бошлашган. Митинг чоғида сўзга чиққан нотиқлардан бир қанчаси президент Сўўрўнбай Жээнбековнинг истеъфосини талаб қилишган.