Бишкек: Тўқнашувларда жароҳатланган 120 дан зиёд одам касалхонага ётқизилди

Бишкек кўчаларидаги милиция ходимлари, 2020 йил 5 октябри.

Қирғизистон пойтахти Бишкекда 6 октябрга ўтар кечаси 120 дан зиёд киши турли жароҳатлар билан касалхонага ётқизилди. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизмати Соғлиқни сақлаш вазирлигидан олинган маълумотларга таянган ҳолда хабар қилди.

Қайд этилишича, ҳодисалар чоғида қурбон бўлганлар йўқ.

Бишкекдаги Миллий травматология ва ортопедия марказига 65 нафар киши ётқизилган, улардан 40 нафари куч ишлатар идоралари ходимлари. Икки бемор реанимацияга жойлаштирилган.

Қирқ чоғли жабрланувчи Миллий госпиталга мурожаат қилган. Улардан икки нафари жонлантириш бўлимида қолмоқда. Яна 7 нафар бемор Миллий хирургия марказига мурожаат қилган.

Бу орада Қирғизистон пойтахтида “тез ёрдам” хизмати фельдшери ҳужумга учраб, касалхонага етказилган. Икки “тез ёрдам” машинаси пачоқланган.

5 октябрь куни парламент сайлови натижаларидан норози бўлган партиялар тарафдорлари норозилик акцияси ўтказиш учун Бишкек марказий майдонига йиғилганлар. Оқшом чоғи милиция махсус воситаларни ишга солган ҳолда норозиларни майдондан сиқиб чиқарди. Куч ишлатар идоралар ходимлари билан митингчилар тўқнашуви сўнгра шаҳарнинг марказий кўчаларида давом этди.

Тўқнашув чоғида жароҳат олганлар орасида парламент депутати, “Ата Мекен” партиясидан депутатликка номзод Жанарбек Ақаев, иқтисодиёт вазирининг собиқ ўринбосари Элдар Абакиров ҳам бор.