Бишкекда парламент сайлови натижасидан норози бўлган митингчилар 6 октябрь тунида “Оқ уй”нинг еттинчи қаватидаги президент кабинетигача кириб боришди. Бу ҳақда Озодлик қирғиз хизматининг воқеа жойида бўлган мухбири хабар қилди.
Кабинетга кириб олган митингчилар президент С. Жээнбековнинг деворга илинган суратини олиб ташлаганлар.
5 октябрь куни сайлов натижаларидан норози бўлган партияларнинг тарафдорлари пойтахт марказий майдонида митингга йиғилганлар. Оқшомга бориб, милиция ходимлари майдондаги митингни куч қўллаган ҳолда тарқатишди. Шундан сўнг Бишкекнинг марказий кўчаларида куч ишлатар идоралар ходимлари билан митингчилар тўқнашуви бир неча соат давом этди.
Аввалроқ Қирғизистон соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати Бишкекдаги тўқнашувларда 120 дан зиёд одам турли жароҳатлар билан касалхонага тушганини маълум қилган.