Қирғизистон: Намойишчилар Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси биносини эгаллаб олишди

МХДҚ дарвозасини бузиб кираётган митингчилар, Бишкек, 2020 йил 6 октябри.

Бишкекдаги намойишчилар 6 октябрь тунида Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси биносини эгаллаб олишган.

Жамоатчилик фаоли Улан Усойун Фейсбукдаги ўз саҳифасида норозилар МХДҚ дарвозасини бузиб киришгани, қўмитанинг махсус топшириқлар бажарувчи гуруҳи таслим бўлиб, халқ билан бирга эканини билдирганини ёзиб чиқди. Фаолга кўра, митингчилар собиқ президент Алмазбек Атамбаев, собиқ бош вазир Сапар Исақов ва собиқ депутат Садир Жапаровнинг озод этилишини талаб қилганлар.

Аввалроқ митингчилар пойтахт марказидаги “Оқ уй”ни (ҳукумат уйи) эгаллаб, президент С. Жээнбеков кабинетигача кириб боришганди.

5 октябрь куни сайлов натижаларидан норози бўлган партияларнинг тарафдорлари Бишкек марказий майдонида митингга йиғилганлар. Оқшомга бориб, милиция ходимлари майдондаги митингни куч қўллаган ҳолда тарқатган. Шундан сўнг пойтахтнинг марказий кўчаларида куч ишлатар идоралар ходимлари билан митингчилар тўқнашуви бир неча соат давом этган.

Қирғизистон соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати Бишкекдаги тўқнашувларда 120 дан зиёд одам турли жароҳатлар билан касалхонага тушганини маълум қилган.