Бишкекдаги митинг ташкилотчиларидан бири, “Ата Мекен” партиясидан номзод Жанарбек Ақаев мухолифат 5 октябрь куни расмийлар билан музокаралар ўтказмаганини айтди. Унга кўра, митингчилар бунга қарши бўлишган.
Ақаев 6 октябрь тонгига яқин Бишкекдаги ҳукумат биноси ёнида Озодликнинг қирғиз хизматига берган интервьюсида намойишчиларнинг бундан кейинги ҳаракатлари ҳақида ҳам тўхталган.
“Эртага янги бош вазир ва халқ ҳукуматини тузиш керак. Иккинчи босқич халқ сайловини ўтказиш бўлади”, деган жумладан Ж. Ақаев.
“Ата Мекен” партиясидан бошқа бир номзод Элдар Абакиров Давлат чегара хизматини чегараларни ёпишга, “ўғрилар”ни четга чиқармасликка чақирган. “Акс ҳолда, чегарачилар жавобгарликка тортилади”, деган Э. Абакиров.
Аввалроқ митингчиларнинг бир қисми пойтахтдаги Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси биносига бориб, бино дарвозасини бузиб, ичкарига киришганди. Бу воқеадан кўп ўтмай МХДҚ тергов ҳибсхонасида тутиб турилган собиқ президент Алмазбек Атамбаев қўйиб юборилгани ҳақида тасдиқланмаган хабарлар тарқалди.
Ундан ҳам аввал митингчилар пойтахт марказидаги “Оқ уй”ни (ҳукумат уйи) эгаллаб, президент С. Жээнбеков кабинетигача кириб боришган.
5 октябрь куни сайлов натижаларидан норози бўлган партияларнинг тарафдорлари Бишкек марказий майдонида митингга йиғилганлар. Оқшомга бориб, милиция ходимлари майдондаги митингни куч қўллаган ҳолда тарқатган. Шундан сўнг пойтахтнинг марказий кўчаларида куч ишлатар идоралар ходимлари билан митингчилар тўқнашуви бир неча соат давом этган.
Қирғизистон соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати Бишкекдаги тўқнашувларда 120 дан зиёд одам турли жароҳатлар билан касалхонага тушганини маълум қилган.