Бишкекда норозилар томонидан қамоқдан озод қилинган мухолифатчи халқни тарқалишга чақирди

Бишкекда Оқ Уйни эгаллаган мухолифат тарафдорлари намойишни давом эттиришмоқда. Аввалроқ қамоқдан озод қилингани айтилган мухолифатчи Садир Жапаров намойишчилар олдига келди.

Бишкек бош майдонига йиғилганлар “Садир! Садир!” деган шиорларни ҳайқиришиб, Қирғизистон Гимнини куйлаб туришди.

Орадан ярим соат ўтгач ниҳоят Садир Жапаровга гапириш учун имконият берилди. Садир Жапаров ўз сўзида барча масалалар қонуний йўл билан ҳал этилиши зарурлигини таъкидлаб: “Қароқчилик, босиб олиш билан ҳеч нарсага эриша олмаймиз, сабрли бўлайлик”, деди ва Бишкек бош майдонига йиғилган халқни уйларига тарқалишга чақирди.

Садир Жапаров “Иссиқкўлда митинг уюштирди, Иссиқкўл губернаторини гаровга олди”, деган айблов билан 2017 йилда қўлга олиниб, 2019 йилда 10 йилга озодликдан маҳрум қилинганди.