Қирғизистон президенти: Сайлов баҳонасида ҳокимиятни ағдармоқчи бўлишди

Президент Сўўрўнбай Жээнбеков.

Қирғизистон президенти Сўўрўнбай Жээнбеков маҳаллий вақт билан соат 11да расмий баёнот билан халққа мурожаат қилди.

Президент ўз баёнотида айрим сиёсий кучлар ҳокимиятни ноқонуний босиб олиш ҳаракатини амалга оширганини, сайлов баҳонасида жамоат хавфсизлиги қўпол тарзда бузилганини таъкидлади.

“Шаҳар аҳолисининг тинч ҳаётига таҳдид қилинди. Тартиб соқчиларига бўйсунмай, медикларни савалашди, биноларни вайрон қилишди. Қон тўкилмасин, бирорта фуқаронинг ҳаётига таҳдид қилинмасин деган мақсадда кучишлатар тузилмаларга ўқ отманглар деб буйруқ бердим. Шу вақтгача вазиятни кескинлаштирмаслик учун барча имкониятарни ишга солдик. Мамлакатнинг тинчлиги, жамиятнинг барқарорлиги ҳар қандай депутат мандатидан устувордир”,- деди президент.

Айни пайтда президент Қирғизистон халқини фитначиларга алданмасликка чақирди.

Марказий сайлов комиссиясига эса, зарур бўлса, сайлов натижаларини йўққа чиқаришни тавсия қилди.

Бишкекда норозилик намойишлари бошланиши ортидан Талас, Норин, Иссиқкўл вилоятларидаги ҳукуматнинг ишончли вакиллари (губернаторлари) истеъфога чиққанларини билдирдилар.

5 октябрь куни сайлов натижаларидан норози бўлган партияларнинг тарафдорлари Бишкек марказий майдонида митингга йиғилганлар.

Оқшомга бориб, милиция ходимлари майдондаги митингни куч қўллаган ҳолда тарқатган. 6 октябрь тонггача давом этган тўқнашувлар ортидан кучишлатар тузилмалар ходимлари таслим бўлган ва норозилар президент маъмурияти жойлашган Оқ Уйни эгаллаган эди.