Жорий йилнинг 1 май куни юз берган “Сардоба” сув омбори тўғони ўпирилиши бўйича Жиноят кодексининг 207-моддаси, 258-моддасида назарда тутилган жиноятлар аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган.
Айни пайтда тергов ва тезкор-қидирув тадбирлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов 6 октябрда маълум қилди.
Унга кўра, ҳозирги вақтда тергов органи томонидан тўғоннинг лойиҳаланиши, қурилиши, эксплуатация қилиниши, давлат комиссияси томонидан қабул қилинмаган ҳажмда сув тўпланиши жараёнларида йўл қўйилган қонун бузилиши ҳолатларига даҳлдор 17 нафар шахс тергов қилинмоқда.
Улар орасида “Сирдарё сув қурилиш инвест” ДУК, лойиҳачи “UzGip” МЧЖ, бош пудратчи – “Ўзтемирйўлқурилишмонтаж” УК, пудратчи ташкилотлар “Резаксой сув қурилиш” УК, “Омад Дубл” МЧЖ, “Сариосиё қурилиш” МЧЖ, “Транс Сервис Комплекс” МЧЖ, “Тўпаланг Шеробод” ШК, Сув хўжалиги вазирлиги, Эксплуатация дирекцияси мансабдорлари бор.
Тергалаётганларнинг 7 нафарига қамоққа олиш, 6 нафарига гаров, 4 нафарига муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақида тилхат эҳтиёт чораси қўлланилган.
“Жиноят иши доирасида тегишли идораларнинг малакали мутахассисларидан иборат комиссия томонидан ўлчов ва тафтиш ишлари давом эттирилмоқда. Айбдор шахсларни аниқлаш билан бирга етказилган зарарнинг қопланишини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда”, -деди Акмал Бурхонов.
1 май куни Сардоба сув омбори тўғонининг бузилиши оқибатида Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида¸ расмий маълумотларга кўра¸ 2 570 та уй-ҳовли, 76 та кўп қаватли уй яроқсиз ҳолга келган¸ 1781 ҳовли, 52 та кўп қаватли турар жой қисман зарарланган.