Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов МИБ ходимлари ҳаракатига норозилик сифатида ўзига ўт қўйиб, вафот этган аёл хонадонида бўлган.
Маҳаллий сайтлардан бирининг хабарига кўра, вилоят ҳокими Наманган шаҳридаги Истиқбол маҳалласида бўлиб, марҳума Гуландом Дедабаеванинг яқинларига таъзия билдирган, аёлнинг 15 ва 12 яшар ўғиллари муносиб шароитларда вояга етишларида ҳар томонлама кўмак берилишини таъкидлаган.
Ҳокимга кўра, мазкур ҳолат бўйича ҳозирда прокуратура идоралари томонидан тергов ҳаракатлари олиб бориляпти, тергов натижаси бўйича вазиятга қонуний, ҳуқуқий баҳо берилади ва бу ҳақда албатта жамоатчиликка маълум қилинади.
Наманганлик 35 ёшли ёлғиз аёл Гуландом Дедабаева шу йил 29 сентябрь куни ўзига ўт қўйиб ҳалок бўлгани ҳақида Озодлик аввал хабар қилганди.
Яқинларига кўра, Гуландом икки ярим йил аввал сотиб олган уйидан мажбуран чиқармоқчи бўлган МИБ ходимларига шу тариқа ўз норозилигини изҳор қилган.
Марҳуманинг хонадонига борган Шавкатжон Абдураззоқов 25 сентябрь куни Наманган вилояти ҳокими вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланганди.