Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида 6 октябрь куни эрталаб бошланган митинг ҳалигача давом этмоқда. Озодлик қирғиз хизмати мухбирининг воқеа жойидан хабар қилишича, юзлаб митингчи куни бўйи ҳокимият истеъфоси, сайлов натижаларининг бекор қилиниши ҳамда Ўшнинг собиқ мэри Мелис Мирзақматовнинг қайтарилишини талаб қилган майдонга 400 чоғли спортчи келбатли йигит келган.
Улар микрофон талаб қилиб, минбарга чиқишга уринган, бироқ митингчилар бунга қаршилик қилишган. Икки тараф ўртасида можаро келиб чиққан. Бу гуруҳдаги йигитларнинг кимлиги, улар кимни дастаклаётгани ва нима талаб қилаётгани ҳозирча номаълум.
Қайд этилишича, митингчилар Ўшнинг собиқ мэри Мелис Мирзақматовнинг келишини кутмоқдалар. Унинг яқинларига кўра, Мирзақматов сўнгги йилларда истиқомат қилган Туркиядан Қирғизистонга қайтиш тадоригида.
Бу орада мэрия биноси олдида бошқа бир гуруҳ одамларнинг митинги давом этмоқда. Аввалроқ митингчилар шаҳар кенгашида амалдаги мэр Таалайбек Сарибашевга ишончсизлик билдиришга оид қарор қабул қилдиришга муваффақ бўлишган. Эндиликда, айрим маълумотларга кўра, мэрия биносига парламент депутати Дуйшўнқул Тўрўқулов ўз одамлари билан кириб олиб, ўзини мэр деб эълон қилишларига уринмоқда. Мэрия биноси милиция томонидан ўраб олинган.
Бугун эрталаб Ўшда президент Сўўрўнбай Жээнбеков тарафдорларининг митинги бошланганди. Митингда давлат раҳбарининг укаси Асилбек Жээнбеков ва “Биримдик” партиясидан депутатликка номзод Бекмурза Эргешов чиқиш қилишган. Улар амалдаги ҳокимиятни сақлаб қолиш зарурлигидан баҳс этишган. Бироқ митингнинг бошқа иштирокчилари бу ерга президентни дастаклаш учун эмас, сайлов натижалари бекор қилинишини талаб қилиш учун келганларини билдирганлар. Улар Жээнбеков тарафдорларининг чиқишини провокация ва антимитинг, деб аташган.
Бишкекда 5 октябрь куни парламент сайлови натижаларига қарши митинг бўлиб ўтган. Намойиш иштирокчилари 4 октябрь куни ўтказилган овоз бериш натижаларини бекор қилиш ва қайта сайлов белгилашни талаб қилишган.
6 октябрга ўтар кечаси норозилар “Оқ уй”ни, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ва давлат телевидениеси (КТРК) биносини эгаллаб олганлар. Мамлакатда қатор сиёсатчиларни ўз ичига олган Мувофиқлаштирувчи кенгаш тузилган. Мазкур кенгаш аъзолари мамлакат парламентидан халқ ҳукуматини шакллантиришни талаб қилишмоқда.
6 октябрь куни Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси якшанба куни ўтказилган парламент сайлови натижаларини ҳақиқий эмас, деб топиш бўйича қарор қабул қилган.