Қирғизистонда парламент раиси Дастан Жумабеков истеъфога кетди. Бу ҳақда Бишкекдаги “Дўстуқ” меҳмонхонасида ўтаётган парламентнинг навбатдан ташқари мажлисида маълум бўлди.
Депутатлар Д. Жумабековнинг аризасини кўриб чиқиб, уни қабул қилишган. Мажлисда 20 дан зиёд депутат иштирок этган, бироқ кўп депутатлар ишончнома орқали овоз беришган.
Истеъфо ортидан депутатлар парламентнинг янги спикерини сайлашган, янги раис лавозимини “Бир Бўл” фракцияси аъзоси Миқтибек Абдилдаев эгаллаган. Овоз бериш натижаларига кўра, М. Абдилдаев номзоди учун 67 депутат овоз берган. Эндиликда 120 нафар депутатдан иборат парламент бош вазир вазифасини бажарувчини сайлаши лозим бўлади.
Бишкекда 5 октябрь куни парламент сайлови натижаларига қарши митинг бўлиб ўтган. Намойиш иштирокчилари 4 октябрь куни ўтказилган овоз бериш натижаларини бекор қилиш ва қайта сайлов белгилашни талаб қилишган.
6 октябрга ўтар кечаси норозилар “Оқ уй”ни, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ва давлат телевидениеси (КТРК) биносини эгаллаб олганлар. Мамлакатда қатор сиёсатчиларни ўз ичига олган Мувофиқлаштирувчи кенгаш тузилган. Мазкур кенгаш аъзолари мамлакат парламентидан халқ ҳукуматини шакллантиришни талаб қилаётган эди.