Россия президенти Владимир Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков Қирғизистонда содир бўлган сўнгги воқеаларни шарҳлади. 6 октябрь куни журналистлар саволларига жавоб берган Песков Кремль Қирғизистондаги вазият конституция доирасида тез орада изга тушишига умид қилаётганини билдирган.
Путиннинг матбуот котиби Москва Қирғизистондаги вазиятнинг изга тушишини ички сиёсий мулоқот масаласи, деб ҳисоблашини айтган.
“Москва собиқ президенти Алмазбек Атамбаевни дастаклаши мумкинми?” деган саволга Песков: “Қирғизистоннинг президенти – Сўўрўнбай Жээнбеков”, дея жавоб берган. У Россия президенти В. Путин С. Жээнбеков билан бугун телефон орқали сўзлашмаганини қўшимча қилган.
Путин Жээнбеков билан сўнгги бор ўтган ой охирида Сочида учрашган эди.
Қирғизистон пойтахти 5 октябрь куни сайлов натижаларидан норози бўлган партиялар тарафдорларининг норозилик акцияси оқшомга бориб милиция билан тўқнашувга айланиб кетган.
6 октябрга ўтар тунда намойишчилар “Оқ уй”, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ва давлат телевидениеси (КТРК) биносини эгаллаб олганлар ҳамда собиқ президент Алмазбек Атамбаев дохил қамоқдаги сиёсатчиларни озод қилганлар. Тунги тўқнашувлар чоғида юзлаб одам жароҳатланган, бир йигит қурбон бўлган.
Президент Сўўрўнбай Жээнбеков 6 октябрь куни "YouTube" орқали видеомурожаат билан чиқиб, сўнгги воқеаларни сайлов баҳонасида ҳокимиятни эгаллаб олиш сифатида баҳолаган.