Қирғизистонда юзага келган кескин вазият ва воқеалар ривожи Ўзбекистонда жиддий ташвиш уйғотмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан 6 октябрь куни тарқатилган баёнотда айтилади.
Баёнотда Ўзбекистон яқин қўшни ва стратегик шерик сифатида қардош Қирғизистондаги вазиятнинг мамлакат Конституцияси ва миллий қонунчилиги нормаларига мувофиқ тез орада барқарорлашувига умид қилиши таъкидланган.
“Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлашга қатъий содиқлигимизни яна бир бор тасдиқлаймиз”, дейилади ТИВ баёнотида.
Тошкент қайдича, Қирғизистоннинг барқарорлиги ва мустаҳкам ривожланиши бутун Марказий Осиё минтақаси хавфсизлиги ва фаровонлигининг муҳим омили ҳисобланади.
“Ҳозирги мураккаб вазиятда Ўзбекистон кўп асрлик тарихий ва қариндошлик ришталари, умумий маданий ҳамда маънавий қадриятлар билан мустаҳкам боғланган биродар Қирғизистон халқига ҳар томонлама кўмак кўрсатишга тайёр”лиги урғуланган баёнотда расмий Тошкент Бишкекдаги сиёсий гуруҳлардан қай бирини дастаклашга ҳозир эканини очиқлаган эмас. Хабарномада на президент С. Жээнбековнинг, на-да бошқа сиёсатчиларнинг номи тилга олинган.