Қирғизистон пойтахти Бишкекдаги майдонда 7 октябрь куни эрталабдан бери митинг бўлиб ўтмоқда. Озодликнинг қирғиз хизмати хабарига кўра, йиғилганлар ҳокимиятга “эски сиёсатчилар”ни йўлатмасликни талаб қилишяпти. Улар, хусусан, собиқ депутат Садир Жапаровнинг бош вазир лавозимига тайинланишига ҳам қаршилар.
Акция иштирокчилари ёшлар номидан чиқишаётгани ва люстрация талаб қилишаётганини билдирганлар.
Митингда сўзга чиққан “Республика” партияси лидери Мирлан Жээнчўрўев президент Сўўрўнбай Жээнбековга импичмент эълон қилиш таклифини ўртага ташлади:
“Сокени (Сўўрўнбай Жээнбековни демоқчи – таҳр.) кетказиш керак. Райимни (божхона хизмати раисининг собиқ ўринбосари Раимбек Матраимов назарда тутилмоқда – таҳр.) қамаш керак. Бизни қўшнилар, хорижий мамлакатлар тан олиши учун қонуний ўзанга тушишимиз керак. Шунинг учун Жўғўрқу Кенеш (парламент) депутатлари ишга чиқиши керак. Чиқмайдиган бўлса, ҳар бирини уйидан олиб чиқамиз”, дея иқтибос келтиради Мирлан Жээнчўрўев сўзларидан “Азаттиқ” радиоси.
Қирғизистон парламентининг 6 октябрь куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари мажлисида депутатлар бош вазирлик лавозимига Садир Жапаров номзодини маъқуллагандилар. Бугунги митинг иштирокчилари мазкур мажлис қонунга мувофиқ ўтказилмаганини иддао қилмоқдалар.
Митингда тузилажак муваққат ҳукумат раҳбари этиб парламент сайловида “Ата Мекен” партиясидан номзод ўлароқ иштирок этган ёш тадбиркор Тилек Тўқтўғазиевни тайинлаш таклифи ҳам янграган.
“Азаттиқ” мухбирининг хабар қилишича, авввалроқ ҳукумат биносига сиёсатчилар Садир Жапаров ва Қамчибек Ташиев ҳамда “Чўнг қазат” партияси вакиллари кириб кетган.
Кеча бош вазирликка номзоди кўрсатилган Садир Жапаров 6 октябрга ўтар кечаси колониядан озод қилинганди. Иссиқкўл губернаторини гаровга олганликда айбланган С. Жапаров 2019 йили 10 йилга қамалганди.
Бишкекда 5 октябрь куни парламент сайлови натижаларига қарши митинг бўлиб ўтган. Намойиш иштирокчилари 4 октябрь куни ўтказилган овоз бериш натижаларини бекор қилиш ва қайта сайлов белгилашни талаб қилишган.
6 октябрга ўтар кечаси норозилар “Оқ уй”ни, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ва давлат телевидениеси (КТРК) биносини эгаллаб олганлар.
Ҳозирда президент Сўўрўнбай Жээнбековнинг қаерда экани маълум эмас. Президент матбуот хизмати аввалроқ унинг Бишкекда эканини билдирган. Бугун эса президент аппаратининг ахборот сиёсати бўлими Сўўрўнбай Жээнбеков 7 октябрь куни Россия президенти Владимир Путинни туғилган куни билан табриклагани ҳақида маълумот тарқатди.