Сирдарё вилояти Гулистон шаҳридаги Алпомиш спорт мажмуасида ташкил этилган коронавирус марказида 7 октябрь куни эрталаб кислород баллони ёрилди.
Озодлик манбаларига кўра, Covid-19 марказидаги 10 тонналик кислород цистернасининг портлаши оқибатида камида 1 киши ҳалок бўлган, ўнлаб одам яраланган, яқин атрофдаги бинолар шикастланган.
Жароҳатланганлардан айримларининг аҳволи оғир экани айтилади.
Аммо, Ўзбекистон расмийлари портлаш оқибатида ўлим холати бўлмаганини айтмоқда.
Гувоҳларнинг сўзларига кўра, портлаш овози ва тўлқини Гулистон шаҳрининг бутун қисмида эшитилган ва сезилган.
Спорт мажмуасига яқин уйлардаги ва дўконларнинг деразалари синиб кетган.
Сирдарё вилояти ҳокимлиги маълумотига кўра, портлаш маҳаллий вақт билан соат 08:13 да содир бўлган.
Аммо, ҳокимлик расмийлари портлаш оқибатида ўлим холати бўлмаганини айтмоқда.
"Кислород баллони ёрилиши оқибатида ҳосил бўлган кинетик зарба тўлқинидан бино ойналари парчаланиб, фуқароларга тан жароҳати етган. Таъкидлаш жоизки, зудлик билан вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ва бошқа тегишли хизматларнинг ходимлари воқеа жойига етиб бориб, фуқароларни хавфсиз ҳудудга кўчирдилар. Мазкур ҳодиса оқибатида вафот этган фуқаролар йўқ. Вазият тўлиқ назоратга олинган", дейилади Сирдарё ҳокимлигининг портлаш юзасидан бирламчи билдирувида.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Гувоҳларга кўра, портлаш кучи 1 километр радиусдаги биноларнинг ойналарини синдирган.
Ҳодиса марказидан 700 метр чамаси узоқда яшашини айтган гулистонликлардан бирининг сўзлари кўра, улар яшайдиган уйнинг деразалари чилпарчин бўлган.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Озодликка йўлланган видеоларда портлаш оқибатида спорт мажмуасига яқин дўконларга шикаст етказилгани кўринади.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Мажмуага яқинроқдаги тўйхона биноси ҳам портлашдан зарар кўргани айтилмоқда.
Портлаш яқин атрофдаги машиналарга ҳам шикаст етказган.
Ҳодиса оқибатларини бартараф этиш учун 10 дан ортиқ тез ёрдам машинаси сафарбар килинган, атроф ички ишлар ходимлари томонидан ўраб олинган.
Мажмуада коронавирусдан даволанаётган беморлар Республика Шошилинч Тиббиёт Ёрдам маркази Сирдарё вилояти филиали, вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази, болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази ва вилоят тери-таносил касалликлари диспансерига кўчирилган.
Аввалроқ Фавқулодда вазиятлар вазирлиги камида бир киши жароҳатланганини хабар қилган эди.
“Бирламчи маълумотларга қараганда ҳосил бўлган кинетик зарба тўлқинидан бино ойналари парчаланиб , бир нафар фуқарога тан жароҳати етган. Таъкидлаш жоизки, зудлик билан вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ва бошқа тегишли хизматларнинг ходимлари воқеа жойига етиб бориб, фуқароларни хавфсиз ҳудудга кўчирдилар. Мазкур ҳодиса оқибатида вафот этган фуқаролар йўқ. Вазият тўлиқ назоратга олинган”,- дейилади расмий хабарда.
Гулистон шаҳридаги "Алпомиш" спорт мажмуаси апрель ойидан фақат коронавирус билан оғриган беморлар учун махсус клиникага айлантирилган эди.
Кислород цистернаси портлашга нима сабаб бўлгани ҳозирча номаълум.
Портлаш рўй берган жойдан олинган суратларда ўнга яқин кислород баллонлари ётганини кўриш мумкин.
Гулистондаги Covid 19 марказида кислород цистерналари қаердан олиб келиб, ўрнатилган ва уларнинг ёрилишига нима сабаб бўлган?
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийларидан бу ҳақда изоҳ олиб бўлмаётир.
Ўзбекистондаги сунъий нафас олдириш аппаратлари билан жиҳозланган касалхоналарида кислород баллони портлаши биринчи марта бўлаётгани йўқ.
Мавзуга алоқадор Бекободдаги COVID клиникасида бир кунда сунъий нафас олиш қурилмасига уланган тўрт бемор ўлдиЎтган ой бошида Озодлик Тошкент вилояти Бекобод шаҳри касалхонасида кислород баллони портлашидан сунъий нафас олиш қурилмасига уланган тўрт беморнинг бир кунда ўлгани ҳақида хабар қилганди.
Марҳумларнинг яқинларига кўра, кислород баллонда портлаш юз бериб¸ система кислородсиз қолган ва ўлим юз берган.
Бундан аввал Озодлик билан суҳбатлашган баъзи касалхоналардаги беморларнинг яқинлари сунъий нафас берувчи аппаратларни тўлдириш учун кислород йўқлиги сабаб газ пайванд ишларида ишлатиладиган кислородни сотиб олиб беришаётганини айтишганди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Ўзбекистоннинг айрим шифохоналарида эса электр таъминотидаги узилишлар сабаб, сунъий нафас олиш қурилмаси ишламай қолиб, беморларга қариндошлари қурилмани қўли билан сиқиб, кислород беришга мажбур бўлгани ҳақида Озодлик илгари хабар берган.