Қирғизистон Миллий банки мамлакатдаги банкларга фаолиятларини тўхтатиб туришни тавсия қилди

Қирғизистон Миллий банки 7 октябрь куни яна бир бор банклар ва молия-кредит ташкилотларига мамлакатдаги сиёсий вазият барқарорлашгунига қадар ўз фаолиятини тўхтатиб туришни тавсия қилди. Бу каби мурожаатнома МБ томонидан 6 октябрь куни ҳам ёйинланган.

“Бу чора мамлакатнинг молия-банк сектори хавфсизлигини таъминлаш ва активларни сақлаб қолиш учун зарур”, дейилади МБ хабарномасида.

Қайд этилишича, “Элкарт” миллий тўлов тизими нақд бўлмаган тўловларни амалга оширишда давом этаверади. Айни пайтда пул ўтказиш тизимлари фаолияти ҳам тўхтатилган.

Аввалроқ Бишкек шаҳар ички ишлар бошқармаси 7 октябрга ўтар кечаси “тинч” ўтганини маълум қилган ҳамда пойтахтда тартиб сақлашда кўмаклашган шаҳарликлар ва дружиначиларга миннатдорчилик билдирган.

Чоршанбага ўтар кечаси Бишкекда жамоат тартибини минглаб кўнгилли таъминлаган. Улар шаҳардаги меҳмонхоналар, супермаркетлар, давлат муассасалари ва бошқа йирик объектларни номаълум шахслардан ҳимоя қилганлар. Фаолларга кўра, тунда шаҳарда агрессив кайфиятдаги оломон ҳаракатланган, шунингдек, давлат рақами бўлмаган автомашиналар у ёқдан-бу ёққа ўтиб турган.

Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, ҳозирда ИИВ вазири вазифасини Курсан Асанов бажармоқда. Аввалроқ у Бишкек ШИИБ шахсий таркиби ва дружиначиларга инструктаж берган.