Қирғизистоннинг Ўш вилояти Қорасув тумани ҳокими Тилек Матраимов Ўзбекистон ҳудудида қўлга олинган. Бу маълумотни Қирғизистон Хавфсизлик кенгаши котибининг ўринбосари Ўмурбек Суваналиев тасдиқлади, дея хабар қилди Озодликнинг қирғиз хизмати.
Айни пайтда Қирғизистондаги куч ишлатар идоралар фаолиятини мувофиқлаштириб турган Ў. Суваналиевга кўра, ҳозирда Т. Матраимов Ўзбекистонда, бироқ яқин орада у Қирғизистонга топширилади.
Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси маълумотига кўра, Тилек Матраимов билан бирга чегарадан ноқонуний ўтгани учун ўзбекистонлик чегарачилар томонидан унинг жияни, ўғли ва қўриқчиси ҳам қўлга олинган.
Т. Матраимов 8 йилдан бери Қорасув туман маъмуриятини бошқариб келаётган эди. Шу йил 4 октябрида бўлиб ўтган парламент сайлови олдидан у соғлиғи ёмонлашганини айтиб, таътилга чиққан.
Тилек Матраимов Қирғизистон Божхона хизмати раисининг ўринбосари Раимбек Матраимов ва парламент депутати Искендер Матраимовнинг укасидир.