Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судида “Amilee Bahora” хусусий бандлик агентлиги раҳбарлари Жаҳонгир Тоҳиров ва Баҳора Рауповага нисбатан суд ҳукми ўқилди.
Олий суднинг 7 октябрда маълум қилишича, “Amilee Bahora” ҳуқуқшуноси, 1970 йилда туғилган Жаҳонгир Тоҳиров 7 йил муддатга, агентлик таъсисчиси ҳамда раҳбари бўлмиш, 1972 йилда туғилган Баҳора Раупова 5 йил муддатга кесилди.
Бундан ташқари агентликнинг турли вилоятлардаги яна 12 вакили ҳам судланиб, уларнинг ҳар бири 6 йилдан 9 йилгача қамалди.
Суд ҳукмида қайд этилишича, агентлик 300 нафардан ошиқроқ кишини хорижга ишга жўнатиш бўйича мажбуриятини бажармаган ва улардан олинган пулларни ҳам қайтармаган.
“Amilee Bahora” хусусий бандлик агентлигига алдаганларнинг кўргиликлари тўғрисида Озодлик 2019 йилнинг 26 декабрида хабар қилган эди.
Муҳожирларга кўра, агентлик уларни Германияга ишга ёллаган, аммо Литвага жўнатган. Бу ерда муҳожирлар иш билан таъминланмай, чиқиндихонада жон боқишга мажбур бўлишганини айтишган.
Шундан сўнг Ташқи миграция масалалари бўйича агентлик ўзбекистонликларни ортга қайтарган ҳамда агентлик уларнинг айримларига тўлаган пулларини қайтариб берганди.
Аввалроқ Ўзбекистонда иш қидираётган шахсларга чет элдан иш топиб бериш мақсадида лицензияга эга бўлган 65 та хусусий бандлик агентликларидан 30таси бирорта ҳам фуқарони хорижий давлатларга ишга юбормагани маълум қилинган эди.