Коллеж ва техникумларга ҳужжат қабул қилиш муддати узайтирилди

Ҳужжатларни қабул қилиш муддатининг узайтирилиши юридик техникумларга тааллуқли эмас.

Ўзбекистон коллеж ва техникумларида абитуриентлардан ҳужжатларни қабул қилиш муддати 20 октябргача узайтирилди.

Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлигининг билдиришича, кўп сонли ота-оналарнинг илтимослари эътиборга олиниб, ёшлар, хусусан жорий йилда ОТМларга ўқишга кириш учун етарли балл тўплай олмаган абитуриентларнинг коллеж ва техникумларда таълим олиш имкониятини яратиш мақсадида мана шундай қарор қабул қилинди.

Абитуриентларнинг ҳужжатларини қабул қилиш онлайн тарзда коллежларга www.kollej.edu.uz ва техникумларга www.texnikum.edu.uz электрон платформалари орқали амалга оширилади.

Вазирлик ҳужжатларни қабул қилиш муддатининг узайтирилиши юридик техникумларга тааллуқли эмаслигини ҳам билдирди.

Техникумларга ҳужжатларни қабул қилиш август ойининг охирида бошланган. Коллежларга қабул квоталари эса сентябрь ойининг бошида тасдиқланганди.