Хоразм вилоятида ёлланма дезинфекторлар пахта теримига жалб этилгани боис коронавирус ўчоқлари, карантинга олинган хонадонлар ҳамда муассасаларда кундалик дезинфекция ишларини ўтказиш тиббиёт ходимлари ва аҳоли зиммасига юклатилди.
Вилоят бош санитар врачининг шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмалари ходимларига 5 октябрь куни йўллаган хатида ёлланма дезинфекторлар ажратилиши тўхтатилгани сабабли карантинга олинган хонадонарда жорий дезинфекциялаш ишларини ўтказишда муаммо юзага келгани, шу боис бу ишларни энди тиббиёт ходимлари ва аҳоли қилиши кераклиги айтилган.
"Жорий йилнинг октябрь ойидан ёлланма дезинфекторлар ажратиш тўхтатилганлиги сабабли карантинга олинган хонадонларда жорий дезинфекция ишларини ўтказишда муаммолар юзага келмоқда", дейилади Хорзам вилояти бош санитар врачи Д. К. Сапаев имзоси билан йўлланган хатда.
Шу пайтгача Хоразмда кундалик дезинфекциялаш ишларини вилоят Бандлик бош бошқармаси тарафидан ёлланган 500 га яқин ишчи бажариб келаётган эди.
Хоразм вилояти Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази мулозими 8 октябрь куни Озодлик билан суҳбатда ёлланма ишчилар 1 октябрдан пахтага сафарбар этилгани сабаб кундалик дезинфекция ишларини бажаришга одам етишмаётганини айтди.
"Карантинга олинган жойлар ҳар куни хлор билан дезинфекциялаб турилиши керак. Бу ишни бажариш учун 500га яқин дезинфектор жалб этилган эди. 1 октябрдан уларни пахтага олиб кетишди. Энди қиладиган одам йўқлиги учун аҳолини ўзи бу ишларни қилсин, бу ишларни тиббиёт ходимлари назорат қилсин, деяпмиз. Антисептик воситалар, хлорни ўзларимиз берамиз", - дейди вилоят СЭОМнинг исми очиқланишини истамаган мулозими.
Хоразмнинг Урганч туманида яшовчи врачлардан бири вилоят бош санитар врачининг кўрсатмасини "тиббиёт ходимлари устидан кулиш", деб атади.
"Бош санитар врачининг хатида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2009 йилда қабул қилган қоида ва меъёрларига асосан, патронаж ҳамширалар Covid беморларининг уйига бориб, ҳар куни дезинфекция ишларини қилиши керак экан. Кўчалардаги кунлик ишларни аҳолини ўзи қилиши керак эмиш. Бу ишни қилмаган ҳудуд ҳамшираси ёки умумий амалиёт врачи 2019 йилдаги буйруқ бўйича жаримага тортилар экан. 2009 йилги буйруқ билан булар ҳозирги коронавирусга қарши чораларни белгилашяпти. Устимиздан кулиш бўляпти. Республика махсус комиссиясининг қарори қаерда қолди? Ахир Республика махсус комиссияси қарорида дезинфекция ишларини қилиш Санитария-эпидемиология назорати бўлимлари зиммасига юкланган-ку", дейди урганчлик шифокор.
Хоразм вилояти Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази мулозими ҳар бир туманда дезинфектор ходимлар сони 5 нафардан кўп эмаслиги, бу эса юзага келган коронавирус ўчоқларида кенг кўламли дезинфекция ишларини амалга ошириш учун камлигини айтади.
"Ҳар бир туманда 30-40тадан ёлланма дезинфектор ишлаётганди. Ҳозир улар пахтага олиб кетилгани учун бу ишларни қилгани одам етишмаяпти", - дейди СЭОМ мулозими.
2019 йилда Санитария-эпидемиология назорати хизмати Вазирлар Маҳкамаси ҳузиридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги этиб қайтадан ташкил этилган эди.
Тузилма қайта ташкил этилиши асносида 10 минг иш ўрни қисқартирилган.
Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳар СЭОМ ходими штатларнинг қисқартирилиши ортидан қолганларнинг маоши кескин тушиб кетиши ҳам тизимдаги инқирозни кучайтирганини айтади.
“Ҳозир аҳоли уйларини бепул дезинфекция қил, дейишяпти, лекин бунга бизнинг захирамиз йўқ. Ҳозир бир ярим ой бўлди, топган пулимизни дори сепиш аппаратлари, махсус кийимлар сотиб олишга сарфлаяпмиз. Вазирлик томонидан берилган маблағ эса, битта боғчани дезинфекция қилишга ҳам етмайди”, дейди қашқадарёлик СЭОМ ходими.
Озодлик суҳбатлашган СЭОМ ходимлари пахта кампанияси боис коронавирусга қарши кураш иккинчи даражага тушиб қолаётганидан ҳавотир билдиришди.
Ўзбекистонда жами коронавирусга чалинганлар сони расман 60 мингга яқинлашган. Бу рақамлар пневмония ҳолатларини ўз ичига олмайди.
Маҳаллий матбуот расмий рақамларни савол остига олади.