Қирғизистон Хавфсизлик кенгаши мамлакат чегараларини ёпиш ҳақида қарор қабул қилди. Бу ҳақда Хавфсизлик кенгаши котибининг ўринбосари Ўмурбек Суваналиев “Интерфакс” агентлигига маълум қилган.
Қирғизистон Давлат чегара хизмати эса юқори лавозимли амалдорларни мамлакатдан чиқармасликка оид топшириқ олган.
“Бундай топшириқ олинди ва табиийки, биз бу топшириқни бажарамиз”, дея иқтибос келтиради ТАСС агентлиги Давлат чегара хизмати мулозими сўзларидан.
Ў. Суваналиевга кўра, Қирғизистон президенти Сўўрўнбай Жээнбеков ва бош вазир Қубатбек Бўрўновнинг қаерда экани маълум эмас. Унинг айтишича, мамлакатнинг биринчи шахслари норозилик акциялари бошланганидан бери оммага кўриниш берганлари йўқ. Интернетда президентнинг бир неча мурожаати ёйинланди, бироқ уларнинг қаерда ёзилгани номаълум.
“Иш жойларини ташлаб кетган мансабдор шахслар яширин жойларида ўтирибдилар. Уларнинг аниқ қаерда эканини биз айтолмаймиз, улардан кўпи яшириниб юрибди. Бўрўновга ўхшаган айримлар эса масофадан туриб ишлаётганлари ва истеъфога кетмаганларини таъкидламоқдалар. Бунақа реваншистлар анча кўп, бу эса катта тўқнашувларга олиб келиши мумкин”, деган Ў. Суваналиев.
Хавфсизлик кенгаши котибининг ўринбосари Қирғизистонда вазият таранглигича қолаётгани, сиёсий партиялар ўзаро бир-бирлари билан келиша олишмаётганини қўшимча қилган. Унга кўра, вазиятни беқарорлаштирмаслик учун партиялар музокара столига ўтиришлари лозим.
Президент матбуот хизмати эса Жээнбеков Бишкекда экани ва сиёсий кучлар билан шахсан музокаралар олиб бораётганини маълум қилган.
Қирғизистонда парламент сайлови натижалари эълон қилиниши ортидан 5 октябрь куни норозилик намойишлари бошланиб, кейинроқ тўқнашувларга айланиб кетган. 6 октябрга ўтар кечаси намойишчилар президент аппарати ва парламент фаолият юритадиган “Оқ уй”ни эгаллаб олишган ва қамоқдаги қатор сиёсатчиларни озод қилишган.
Президент Сўўрўнбай Жээнбеков мамлакатдаги воқеаларни “ҳокимиятни эгаллаб олишга уриниш” ўлароқ баҳолаган ва Қирғизистоннинг легитим раҳбари бўлиб қолаётганини билдирган.