Тошкентда хотинини масхара қилган, унга тан жароҳати етказган ва нажосат истеъмол қилишга мажбурлаган эр устидан жиноят иши очилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ахборот хизмати маълум қилди.
Жорий йилнинг 1 октябридан 2 октябрига ўтар кечаси пойтахтнинг Мирзо Улуғбек тумани Оққўрғон маҳалласида 46 ёшли Р. И. рафиқаси ва қизини хўрлаганига оид хабарни аввалроқ “Не молчи” Телеграм-канали тарқатган. ИИББ мазкур ҳодисага оид маълумот 102 га ўша кечанинг ўзидаёқ келиб тушгани, аёлга етказилган жароҳатларнинг оғирлигини аниқлаш учун суд-тиббий экспертиза тайинланганини билдирган.
“Ушбу факт асосида Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 110-моддаси 1-қисми ("Қийнаш") бўйича жиноят иши қўзғатилди”, дейилади Тошкент шаҳар ИИББ хабарномасида.
Тартиб посбонларига кўра, мазкур воқеа ортидан Р. И. ҳибсга олинган, тергов давом этмоқда.
Бундан икки ой муқаддам самарқандлик 25 ёшли М.нинг эри томонидан аёвсиз калтакланганига оид видео ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлганди. Маҳаллий блогер ва журналистлар билан суҳбатда М. эри унга мажбурлаб 3 кунлик “памперс” едирганини айтиб берганди.