Қирғизистонлик ҳуқуқшунослар президент Жээнбековни истеъфога чиқишга чақиришди

Сўўрўнбай Жээнбеков.

Қирғизистонда сиёсий хаос ҳукм сурмоқда – парламент ҳеч бир иш қилмаяпти, бош вазир, вазирлар ҳамда қатор давлат идоралари ва маҳаллий органлар раҳбарлари ўз вазифаларини тарк этишди. Бу ҳақда Қирғизистон юристларининг 8 октябрь куни ёйинланган мурожаатномасида айтилган.

Ҳуқуқшунослар бу хаос муҳити криминал гуруҳларнинг давлат ва муниципал идораларни эгаллаб олишига, ўзини ўзи бирор лавозимга тайинлаб олишига ҳамда давлатга оид ва хусусий мулкни талон-торож қилишига олиб келганини таъкидламоқдалар.

Биз президентни Қирғизистон Конституциясининг 66-моддасига мувофиқ равишда ўз хоҳиши билан истеъфога чиқишга чақирамиз. Сизнинг истеъфоингиз мамлакатни ва қирғизистонликларни етилиб келаётган сиёсий, ҳудудлараро ва милларлараро тўқнашувлар эскалациясидан сақлаб қолиши мумкин. Биз сизни Қирғизистон халқи учун, мамлакатдаги тинчлик-осойишталик учун, қирғизистонликларнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун оқиллик ва олижаноблик кўрсатишга чақирамиз”, дейилади юристлар мурожаатномасида.

Улар парламент бош вазирликка барча номзодларни кўриб чиқиш ва ҳукумат таркибини тасдиқлаш учун зудлик билан йиғилиш ўтказиши, МСК эса такроран парламент сайлови ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилиши лозимлигини қайд этишган.

Мазкур мурожаатнома остига юристлар Чўлпўн Жақупова, Гулнара Қалиқова, Сания Тўқтўғазиева, Таттибубу Эргешбаева, адвокатлар ўқув маркази, “Фарғона водийсининг чегарасиз юристлари”, Адвокатлар кенгаши ва бошқа ташкилотлар имзо чекишган.

Қирғизистонда 4 октябрь куни бўлиб ўтган парламент сайловидан кейин сиёсий бўҳрон вужудга келган. Сайлов натижаларини бекор қилиш талаби билан бошланган норозилик акциялари тартибсизликларга айланиб кетган. 6 октябрга ўтар кечаси намойишчилар президент аппарати ва парламент фаолият юритадиган “Оқ уй”ни эгаллаб олишган.

Президент Сўўрўнбай Жээнбеков мамлакатдаги воқеаларни “ҳокимиятни эгаллаб олишга уриниш” ўлароқ баҳолаган ва Қирғизистоннинг легитим раҳбари бўлиб қолаётганини билдирган. Бу орада Бишкекда турли сиёсий кучлар ўртасида ҳокимият учун кураш авж олган.

6 октябрь куни Бишкекдаги “Дўстуқ” меҳмонхонасида парламентнинг 20 чоғли депутати йиғилиб, ўз йиғилишларини парламентнинг навбатдан ташқари мажлиси, деб аташган. Йиғилишда депутатлар “Бир бўл” фракцияси аъзоси Миқтибек Абдилдаевни парламентнинг янги спикери этиб сайлашганини билдиришган. Шундан кейин йиғилиш иштирокчилари Абдилдаев раислигида бош вазир лавозимига Садир Жапаров номзодини маъқуллашган.

7 октябрь куни депутатларнинг бир қисми Бишкекдаги меҳмонхоналардан бирида яна йиғилишган. Депутат Рискелди Мўмбеков Озодликнинг қирғиз хизматига учрашувга 40 депутат келганини маълум қилган. Унга кўра, кворум бўлмагани туфайли депутатлар йиғилиш ўтказишолмаган ва мамлакатдаги вазият юзасидан ягона фикрга келиша олмаган.

Бу орада куни кеча бир гуруҳ депутатлар томонидан бош вазирликка номзоди маъқулланган Садир Жапаров 8 октябрь куни Бишкекда бўлиб ўтган митингда қилган чиқишида Сўўрўнбай Жээнбеков бир депутат орқали унга президентликдан ўз ихтиёри билан кетиш ниятида эканини билдирганини айтган.

Бу борада С. Жээнбековнинг ўзи ёки унинг аппарати ҳали изоҳ берганича йўқ.