Канаданинг «Condor Petroleum» ширкати Буҳоро вилоятида Газли шаҳарчасида бешта мавжуд газ конига 1 миллиард доллардан ортиқ сармоя киритишга тайёрлигини билдирди.
Ташқи ишлар вазирлиги “Дунё” ахборот агентлигининг хабар беришича, бу ҳақда Ўзбекистоннинг Канададаги элчиси (қароргоҳи – Вашингтонда) Жавлон Ваҳобов «Condor Petroleum Inc.» нефть ва газ компанияси директори ва кенгаши раиси Деннис Балдерстон ҳамда компания президенти Дон Стреум билан ўтказган онлайн-музокара чоғида маълум қилинди.
“Компания президенти Дон Стреум «Condor Petroleum» камида бешта мавжуд газ конларида фаолият олиб боришга тайёрлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, компания мутахассислари Бухоро вилояти Газли шаҳарчасидаги бешта ишлаб чиқариш майдонларини ўрганиб чиқди. Ушбу лойиҳани 2021-2024 йилларда амалга оширилади”,-дейилади хабарда.
Канада ширкати, шунингдек, ушбу соҳага замонавий техника ва технологияларни жорий этишга тайёрлиги маълум қилинди.
Хабарда таъкидланишича, Деннис Балдерстон Ўзбекистоннинг нефть-газ соҳасидаги салоҳияти юқори эканини, табиий газ қазиб олишни кўпайтириш учун катта имкониятлар мавжудлигини таъкидлади.
«Condor Petroleum» 1994 йил ташкил этилган бўлиб, у Марказий Осиё, Шимолий ва Жанубий Америка, Индонезия, Ливия, Ангола, Туркияда фаолият олиб боради. Компания Марказий Осиё минтақасида энг йирик ва техник жиҳатдан илғор сейсмик маълумотларни йиғиш ва қайта ишлаш 3D дастурига эга.
Мазкур мукаммал дастур қидирув ишлари олиб бориш учун умумий салоҳияти 1,5 миллиард баррелдан ортиқ бўлган 79 та истиқболли нефть қазиб олиш объектини аниқлашга имкон берди.