Қирғизистон президенти вазият барқарорлашганидан сўнг истеъфо беришга тайёр эканини билдирди

Президент Сўўрўнбай Жээнбеков 5 октябрдан бери 5-марта халққа мурожаат қилди.

Беш кундан бери қаерда экани номаълум бўлиб қолаётган, аммо президент матбуот хизмати Бишкекда эканини билдираётган президент Сўўрўнбай Жээнбеков 9 октябрда эълон қилган навбатдаги видеомурожаатида вазият барқарорлашгани ва янги ҳукумат тайинлангандан сўнг истеъфо беришга тайёр эканини билдирди.

Сўўрўнбай Жээнбеков ўз мурожаатида сиёсий вазият ўта кескинлашганини таъкидлади ва вазиятни барқарорлаштириш юзасидан ўз таклифларини билдирди:

"Жўғўрқу Кенеш (парламент) сайловлари натижаларини бекор қилдик. Энди янги парламент сайловлари тайинланади. Бу борада Марказий сайлов комиссияси ўзининг тегишли қарорини қабул қилади. Бу қадамлар ҳозирги сиёсий инқироз даражасини пасайтиради деб ишонаман", - дер экан, Жээнбеков инқирозгача ишлаб келган ҳукумат рахбари ва ҳукумат аъзоларини истеъфога чиқариб, кейинги тайинлашларга қонуний йўл очиш кераклигини айтган.

Янги Бош вазир ва ҳукумат аъзоларини тайинлашни қонунийлаштириш учун парламент қарори ва президент фармони зарур экани ҳам айтилган.

«Мен фармонларни имзолашга тайёрман. Бунинг учун парламентнинг тегишли қарорини кутаман. Парламент ўз вазифасини бажаришини таъминлаш учун ҳуқуқ тартибот органлари депутатлар хавфсизлигини таъминлаши керак», - деди Жээнбеков.

Сўўрўнбай Жээнбеков видеомурожаатида вазият барқарорлашгани ва янги ҳукумат тайинлангандан сўнг истеъфо беришга тайёр эканини билдирди.

Қирғизистонда сайлов натижасига норози партияларнинг 5 октябрдаги акцияси оммавий жанжалгача бориб, сиёсий инқироз бошлангандан бери бу президентнинг тўртинчи мурожаати бўлди.

Жээнбеков мамлакатни сиёсий бўшлиқдан олиб чиқиш учун шу расмий ҳужжатлар зарур эканини ва сиёсий кучлардан қадам кутаётганини қўшимча қилган.

8 октябрда президент Сўўрўнбай Жээнбеков парламент спикери Миқтибек Абдилдаев билан телефон орқали гаплашиб, вазиятни барқарорлаштириш учун бир қатор таклифлар муҳокама қилинганини эълон қилган.

Қирғизистонда 4 октябрь куни бўлиб ўтган парламент сайловидан кейин сиёсий бўҳрон вужудга келган. Сайлов натижаларини бекор қилиш талаби билан бошланган норозилик акциялари тартибсизликларга айланиб кетган.

6 октябрга ўтар кечаси намойишчилар президент аппарати ва парламент фаолият юритадиган “Оқ уй”ни эгаллаб олишган. Президент Сўўрўнбай Жээнбеков мамлакатдаги воқеаларни “ҳокимиятни эгаллаб олишга уриниш” ўлароқ баҳолаган ва Қирғизистоннинг легитим раҳбари бўлиб қолаётганини билдирган. Бу орада Бишкекда турли сиёсий кучлар ўртасида ҳокимият учун кураш авж олган.