Қирғизистон: Жээнбеков Бўрўнов ҳукумати истеъфосига оид фармонни имзолади

С. Жээнбеков ва Қ. Бўрўнов.

Қирғизистон президенти Сўўрўнбай Жээнбеков бош вазир Қубатбек Бўрўновнинг истеъфосини қабул қилишга оид фармонни имзолади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, фармонга Қубатбек Бўрўновнинг истеъфога оид аризаси асос бўлган. Бу билан ҳукумат ҳам истеъфога чиққан ҳисобланади, вазирлар янги ҳукумат тартиби тузилгунига қадар ўз вазифаларини бажаришда давом этиб турадилар.

Шу йил 5 октябрида Бишкекдаги бош майдонда Қирғизистонда бўлиб ўтган парламент сайлови натижаларига қарши муддатсиз митинг бошланган. Митингчилар 4 октябрь куни бўлиб ўтган сайлов натижаларини бекор қилиш ва қайта сайлов ўтказишни талаб қилишган. Акция кейинроқ куч ишлатар идоралар ходимлари билан тўқнашувларга айланиб кетган.

6 октябрга ўтар кечаси намойишчилар президент аппарати ва парламент фаолият юритадиган “Оқ уй”ни ҳамда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси биносини эгаллаб олишган. Ўша тунда қамоқдаги қатор сиёсатчиларни озод қилинган. Бу воқеалар ортидан 6 октябрь куни Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси парламент сайлови натижаларини бекор қилган.

Сешанба оқшомида Бишкекдаги “Дўстуқ” меҳмонхонасида парламент депутатларидан бир гуруҳининг йиғилиши бўлиб ўтган ва маълумотларга кўра, у ерда “Бир бўл” фракцияси аъзоси Миқтибек Абдилдаев парламентнинг янги спикери этиб сайланган. Шундан кейин йиғилиш иштирокчилари Абдилдаев раислигида бош вазир лавозимига Садир Жапаров номзодини маъқуллашган. Бунга бош вазир Қубатбек Бўрўновнинг истеъфога кетгани асос ўлароқ келтирилган.

Митингчилар томонидан қамоқдан озод қилинган Садир Жапаров ўзини легитим бош вазир, деб атаб, ҳукумат раҳбари вазифасини бажараётганини айтмоқда. Айрим сиёсий кучлар буни ўзини ўзи лавозимга тайинлаб олиш, деб атаб, парламентдан ҳукуматни қонуний йўл билан тайинлашни талаб қилишмоқда.

9 октябрь куни “Республика”, “Ата Мекен”, “Бир бўл” ва “Реформа” партиялари бирлашиб, “Ақирқи Умут” (“Сўнгги умид”) меморандумини имзолашганини эълон қилишди. Сиёсий блок бош вазир лавозимига Ўмурбек Бабанов, бош вазирнинг биринчи ўринбосари лавозимига эса Тилек Тўқтўғазиев номзодини кўрсатди.