“Дексаметазон” препаратини COVID-19 нинг енгил ва ўрта даражада кечиш даврида ишлатиш таъқиқланади. Чунки у касалликнинг дастлабки босқичида инсон иммунитетининг мустақил равишда касалликни енгишига халақит беради ва акс таъсир кўрсатиб, касалликнинг авж олиб кетишига сабаб бўлади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Эъзоз Ризаев билдирган.
Мутахассиснинг Оксфорд университети расмий сайтидаги маълумотларга асосланган ҳолда таъкидлашича, “Дексаметазон” дори воситасини фақатгина реанимация шароитида бериш тавсия этилади.
“Дексаметазон” бу “Аспирин” ёки “Цитрамон” эмаски, уни хоҳлаган одам дорихонадан сотиб олиб, ўз билганича истеъмол қилса. “Дексаметазон” кучли яллиғланишга қарши ва иммунодепрессант (иммунитетни туширувчи) синтетик гормонал дори воситаси”, деган Э. Ризаев.
Унга кўра, мазкур препаратдан нотўғри фойдаланиш иммун тизимининг фаолиятини сусайтиради, қандли диабет касаллигини келтириб чиқаради ва уни ривожлантиради, ошқозон яра касаллигида қон кетиш хавфини оширади, суяклардан кальцийнинг чиқиб кетишига сабаб бўлади, тери мустаҳкамлигини сусайтиради, сурункали касалликларнинг авж олишига олиб келади.
Бундан ташқари, ушбу яллиғланишга қарши дори воситасидан узоқ муддат фойдаланиш ҳар қандай гормонлар сингари, семириш, диабет, остеопороз, глаукома ва ҳатто руҳий касалликлар каби ножўя таъсирларни келтириб чиқариши мумкин.