"Ўзбекистон почтаси" ўзини Жесика деб таништирган америкалик аёлнинг қиймати 1000 АҚШ долларига тенг бўлган чинни ва сопол буюмлари синиқ ҳолатда келгани, буюмлар ўғрилангани ҳақдаги иддаоларига муносабат билдирди.
АҚШнинг Вашингтон штатида яшовчи аёл 7 октябр куни Озодлик билан суҳбатда почта жўнатмасидаги буюмларининг йўқолишида "Ўзбекистон почтаси"ни айблаганди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
“Ўзбекистон почтаси” АЖ Озодлик эълон қилган америкалик аёл видеоси бўйича ўрганиш ишлари олиб борганини маълум қилди.
“Божҳона декларацияларини ўрганиш жараёнида “Ўзбекистон почтаси” АЖ томонидан жорий йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистон Республикасидан АҚШ манзили бўйича 2 та қиймати эълон қилинган жўнатмада (жўнатмаларнинг божҳона декларацияси илова қилинади) чинни буюмлар солинган идишлар юборилганлиги аниқланган.
Ушбу жўнатмалар Андижон вилоятида истиқомат қилувчи фуқаро Т.М. томонидан АҚШнинг Вашингтон штатида таълим олувчи ўғли Э.Ж.га юборилган (Жессика хоним билан олувчи Э.Ж. ўртасидаги боғлиқлик бизга маълум эмас) бўлиб, жўнатмаларнинг ҳар бири 100 000 сўм (таъкидланаётган 1000 доллар) миқдорида қиймати эълон қилинган.
Мазкур жўнатмаларни почта алоқаси объектида қабул қилиш жараёнида почта ходими томонидан мижозга жўнатмаларни узоқ масофага жўнатаётгани, унинг ичидаги жўнатмага шикаст етмайдиган равишда ўраш лозимлиги, акс ҳолда жўнатмаларга зарар етиши мумкинлиги тушунтирилган, шунингдек, қўшимча ҳақ эвазига махсус тарзда ўраш ҳизмати тавсия этилган, аммо мижоз ўзи томонидан ўралган ҳолда жўнатмаларни тақдим этган. Жўнатмаларни қабул қилиш жараёнининг видео ёзувлари мавжуд. Жессика хоним ўз видеосида жўнатмалар тегишли равишда ўралмаган ҳолда жўнатилса, шикаст етмасдан боришига кафолат берилмаслиги тўғрисида огоҳлантирилганлигини айтиб ўтган”, дейилади расмий баёнотда.
АҚШда истиқомат қилувчи видео муаллифи Жесика унга жўнатмалар бўйича трекинг учун штрих-код берилмаганлигини маълум қилган.
“Ўзбекистон почтаси” АЖнинг таъкидлашича эса, жўнатмалар бўйича трекинг учун штрих-код белгиланган қоидаларга мувофиқ жўнатувчига берилади, бу иловада келтирилган божхона декларациясида кўрсатилган.
Почта жўнатмалари, посилкалар эгаларига камомад билан етиб келаётгани ҳақидаги шикоятлар Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг миллий почта тизимини ислоҳ қилиш кераклиги ҳақида баёнот бериши билан бир пайтга тўғри келмоқда.
5 октябр куни ҳукумат мажлисида Мирзиёев почта тизимини даромад келтирадиган соҳага айлантириш зарурлигини таъкидлаган.